Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан мамлакатимиз судлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари раҳбар ходимлари учун ташкил этилган “Инсон қадр-қиммати – энг олий қадрият” махсус ўқув модули машғулотлари давом этмоқда. Шу йил 1 декабрь кунги машғулотларда ички ишлар органлари раҳбарлари иштирок этди.
Ўқув модули судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарларининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро стандартлар ҳамда миллий қонунчиликни суд-ҳуқуқ тизимида қўллашга оид амалий кўникмаларини янада оширишга мўлжалланган.
Ушбу машғулотлар Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятлари ижроси доирасида ташкил этилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Жумладан, бу БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ҳамда Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси тавсиялари тақозосидир.
Ўқув курсини ташкил этишда халқаро ва миллий ҳамкорларимизнинг муносиб ҳиссаси борлиги эътирофга сазовор. Бу ўринда, биринчи навбатда, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий офиси, БМТнинг Ўзбекистондаги жамоаси ҳамда ЕХҲТнинг Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, шунингдек Тошкент давлат юридик университетининг кўмаги ҳақида сўз бормоқда.
Махсус ўқув модули машғулотларида Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, мигрантлар, одам савдоси ва мажбурий меҳнат жабрдийдаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қонунчилиги билан бу борадаги инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларнинг ўзаро уйғунлиги қиёсий таҳлил қилинди.
Ўқув модули доирасида ички ишлар органлари раҳбарлари инсон ҳуқуқлари соҳаси бўйича етакчи миллий ва хорижий экспертларнинг маърузаларини тингладилар. Амалий машғулотлар ва мустақил таълим жараёнида тақдимотлар ўтказиш, тест топшириш, ўзаро мулоқот, “ақлий ҳужум”, муаммовий дарс каби педагогик технологиялардан кенг фойдаланилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 02.12.2020
- Кўришлар: 3773
- Чоп этиш