Миллий гвардия марказий аппарати раҳбарлари учун вебинар

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси марказий аппарати раҳбарлари 25 ноябрдаги “Инсон қадр-қиммати – энг олий қадрият” махсус ўқув модули машғулотларининг тингловчилари бўлди. Ўқув модули халқаро экспертлар иштирокида ўтказилди.

Машғулотлардан кўзланган мақсад тингловчиларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар мазмун-моҳияти ва уларнинг мамлакат миллий ҳуқуқий тизими учун аҳамиятига доир билимларини чуқурлаштиришдан иборатдир.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 22 июндаги Фармони билан қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари бўйича  Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясида фуқаросизлик ҳолатларига барҳам бериш йўналишида аниқ вазифалар белгиланган. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг бу борадаги дадил қадамлаи экспертлар томонидан юқори баҳоланмоқда.

Махсус ўқув модули машғулотларида Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, мигрантлар, одам савдоси ва мажбурий меҳнат жабрдийдаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қонунчилиги билан бу борадаги инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларнинг ўзаро уйғунлиги қиёсий таҳлил  қилинди.

Машғулотлар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан БМТ Тараққиёт дастури ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий офиси билан ҳамкорликда ҳамда Тошкент давлат юридик университети кўмагида ташкил этилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech