Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бўлим ва бўлинмалари, ҳудудий бошқармалари, транспорт прокуратураси ҳамда Бош прокуратура Академияси раҳбар ходимлари 20 ноябрь куни ўтказилган “Инсон қадр-қиммати – энг олий қадрият” махсус ўқув модули машғулотларининг навбатдаги тингловчилари бўлди.
Ўқув машғулотлари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан БМТ Тараққиёт дастури ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий офиси билан ҳамкорликда вебинар шаклида ташкил этилди.
Халқаро экспертлар иштирокида ўтказилган ўқув модули машғулотларида Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда унда мустаҳкамлаб қўйилган халқаро стандартларнинг мазмун-моҳияти атрофлича таҳлил этилди. Шунингдек, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг индивидуал мурожаатларни кўриб чиқиш амалиёти мисолида бу борада БМТнинг шартномавий қўмиталари билан ҳамжиҳатликда ишлаш ва ўзаро ҳамкорлик қилишнинг муҳимлиги очиб берилди.
Маълумот учун: 18 ноябрь куни бошланган ушбу махсус ўқув модули машғулотлари Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятлари ижроси доирасида ташкил этилган. Ўқув модули мамлакатимиз судлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари раҳбар ходимлари учун мўлжалланган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 23.11.2020
- Кўришлар: 3928
- Чоп этиш