27 ноябрь куни ўтказилган “Инсон қадр-қиммати – энг олий қадрият” махсус ўқув модули машғулотларида Ўзбекистон Республикаси Олий суди тизими судьялари иштирок этди.
Махсус ўқув модули машғулотлари Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятлари ижроси доирасида ўтказилмоқда. Бу БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ҳамда Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси тавсиялари тақозосидир.
Вебинар шаклидаги машғулотларда Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, мигрантлар, одам савдоси ва мажбурий меҳнат жабрдийдаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қонунчилиги билан бу борадаги инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларнинг ўзаро уйғунлиги қиёсий таҳлил қилинди.
Бунда Ўзбекистон ратификация қилган халқаро-ҳуқуқий шартномалардаги тегишли нормалар судьялар томонидан судлов амалиётида қўлланилишининг аҳамияти, айни соҳадаги билим ва кўникмаларни ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Машғулотлар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан БМТ Тараққиёт дастури ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий офиси билан ҳамкорликда ҳамда Тошкент давлат юридик университети кўмагида ташкил этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 27.11.2020
- Кўришлар: 3899
- Чоп этиш