Судьялар махсус ўқув модулида иштирок этди

Ўзбекистон Республикаси судьялари 24 ноябрь куни ўтказилган “Инсон қадр-қиммати – энг олий қадрият” махсус ўқув модули машғулотларининг навбатдаги тингловчилари бўлди.

Ўқув машғулотлари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан БМТ Тараққиёт дастури ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий офиси билан ҳамкорликда вебинар шаклида ташкил этилди.

Халқаро экспертлар иштирокида ўтказилган ўқув модули машғулотларида Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда унда мустаҳкамлаб қўйилган халқаро стандартларнинг мазмун-моҳияти атрофлича таҳлил этилди. Шунингдек, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг индивидуал мурожаатларни кўриб чиқиш амалиёти мисолида бу борада БМТнинг шартномавий қўмиталари билан ҳамжиҳатликда ишлаш ва ўзаро ҳамкорлик қилишнинг муҳимлиги очиб берилди.

Махсус ўқув модули машғулотлари Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятлари ижроси доирасида ўтказилмоқда. Бу БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ҳамда Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси тавсиялари тақозосидир.

Яқинда Ўзбекистон 1921-1923 йилларга БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо этиб сайланди. Шу маънода, мамлакатимиз судлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари раҳбар ходимларининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги билим ва малакасини ошириш янада долзарб аҳамият касб этмоқда.

Ўқув курсида барча судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбар ходимларини икки босқичда ўқитиш кўзда тутилган. Олий суд, Бош прокуратура, Адлия, Ички ишлар ва Мудофаа вазирликлари, Миллий гвардия, Давлат божхона қўмитаси, Давлат хавфсизлик хизмати раҳбар ходимлари - жами 2 минг 300 дан зиёд тингловчини махсус ўқув модули машғулотларига жалб этиш режалаштирилган.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech