Ички ишлар вазирлиги тизими раҳбарлари иштирокида вебинар ўтказилди

18 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тизимидаги бошқарма ва бўлимлар раҳбар шахслари учун вебинар ўтказилди. Ушбу машғулотлар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан мамлакатимиз судлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари раҳбар ходимлари учун ташкил этилаётган “Инсон қадр-қиммати – энг олий қадрият” махсус ўқув модули машғулотларининг давоми ҳисобланади.

БМТнинг Наркотиклар ва жиноятга қарши кураш бўйича бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган машғулотларда одам савдоси жабрдийдаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қонунчилиги билан бу борадаги инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларнинг ўзаро уйғунлиги қиёсий таҳлил  қилинди.

Махсус ўқув модули тингловчилари томонидан ички ишлар органлари тизимида инсон ҳуқуқлари бўйича таълим муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди. Айниқса Ички ишлар вазирлиги раҳбариятининг вазирлик Академияси таркибида "Инсон ҳуқуқлари назарияси ва амалиёти" кафедрасини қайта тиклаш тўғрисидаги қарори қизғин маъқулланди.

Машуғлотлар якунида одам савдоси билан боғлиқ жиноят ишларини тергов қилишнинг ўзига хос жиҳатлари таҳлилига бағишланган тўплам тақдимоти бўлиб ўтди. Қўлланмани давлат тилига таржима қилиш мақсадга мувофиқ эканига эътибор қаратилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech