9 декабрь куни "Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги" доирасида Тошкент давлат юридик университетининг 2-курс талабалари ўртасида инсон ҳуқуқлари бўйича онлайн-викторина бўлиб ўтди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Викторинани Университет профессор-ўқитувчилари Фируза Ҳамдамова ва Жўрабек Расулов олиб борди.
Викторина саволлари инсон ҳуқуқлари соҳасига оид кенг қамровли масалаларга тааллуқли бўлди. Хусусан, 1948 йилги Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясидан бошлаб 2020 йилда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида қабул қилинган миллий қонун ҳужжатлари ҳамда амалиётдаги охирги янгиликларгача қамраб олинди.
Викторина 8 турда ташкил қилинди. Бунда талабаларга Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, бошқа халқаро шартномаларда ўз аксини топган инсон ҳуқуқлари бўйича асосий принциплар, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро механизмлар, шунингдек соҳага доир миллий қонунчилик нормалари ва Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган инсон ҳуқуқлари соҳасидаги янги институтлар, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳамкорлигига доир саволлар тақдим этилди.
Викторина давомида БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича шартномавий органлари, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши, миллий ҳуқуқни ҳимоя қилувчи институтлар Глобал альянси фаолиятига, шунингдек Ўзбекистоннинг мазкур тузилмалар билан ҳамкорлигига тааллуқли саволлар ҳам муҳокама қилинди.
Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий қонунчилиги ва амалиёти билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Талабалар ўз жавобларида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун, янги таҳрирда қабул қилинган “Фуқаролик тўғрисида”ги қонун нормаларига батафсил шарҳлар беришди.
Шу билан бирга, Ижтимоий мослашув ва зўравонлик жабрдийдалари учун реабилитация марказлари, Болалар омбудсмани, Миллий превентив механизм фаолияти юзасидан иштирокчиларнинг билимлари синовдан ўтказилди. Талабаларга Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ташаббусларига оид саволлар ҳам берилди.
Мазкур викторина талабаларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича билимлари даражасини оширишга, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги давлат сиёсатини чуқур англашига, бу борада билим ва тажриба алмашишига, шунингдек инсон ҳуқуқларига қизиқишининг кучайишига хизмат қилади.
Тадбир якунида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бўлим бошлиғи Ўткир Очилов талабаларни 8 декабрь - Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун ва 10 декабрь - Халқаро инсон ҳуқуқлари куни байрамлари билан табриклади. Ёшларга бахт ва омад тилади.
Викторина иштирокчилари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази номидан сертификатлар ва совғалар билан тақдирланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 09.12.2020
- Кўришлар: 3910
- Чоп этиш