Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл фуқароларини ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Қонун бўйича маъруза қилган Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов Конституциянинг 32-моддасида қонуний асосларда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиб турган ҳар ким мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқига эгалиги белгилаб қўйилганини таъкидлади.
Қайд этиш жоизки, ҳозирда глобаллашув ва интеграциялашув жараёнлари натижасида миграция оқимининг кучайиши хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш билан бир қаторда, шахснинг эркин ҳаракатланиши ҳамда яшаш учун турар жой танлашига доир ҳуқуқларини самарали кафолатлаш механизмларини жорий этишни тақозо этмоқда.
Амалдаги “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги қонун билан ўрнатилган айрим чекловлар фуқароларнинг республикамиз ҳудудида эркин ҳаракатланиши, яшаш жойи ва келган жойни танлаш бўйича конституциявий ҳуқуқларидан тўлақонли фойдалана олмасликларига сабаб бўлаётир.
Бундан ташқари, доимий яшаш ёки вақтинчалик турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тартиби республика бўйича бир хил эмаслиги фуқароларни Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий ёки вақтинчалик рўйхатдан ўтказишда бюрократик тўсиқларни юзага келтирмоқда. Жумладан, 2024 йил 11 ойи давомида Тошкент шаҳрида 243 минг 197 нафар ва Тошкент вилоятида 271 минг 541 нафар фуқаро доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган.
Фуқаролар доимий рўйхатдан ўтишлари учун амалдаги қонун билан тасдиқланган рўйхатда келтирилган тоифаларга мансублигини тасдиқловчи қўшимча ҳужжатларни, яъни туғилганлик, никоҳ, васийлик тўғрисидаги гувоҳнома ва бошқа ҳужжатларни тақдим этиб келмоқда.
Фуқароларнинг доимий яшаш ва вақтинча рўйхатга олингани ҳақидаги маълумотлардан аҳоли сони статистикаси ва ҳудудлар инфратузилмасини шакллантиришда, фуқароларни таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларида ҳамда ижтимоий ҳимоя соҳасида қўллаб-қувватлашда, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва унга қарши курашишда кенг фойдаланилади.
Сенаторлар томонидан қизғин муҳокама қилинган қонун билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтишлари ва турар жойи бўйича хабардор қилишлари, уларни яшаш ва турган жой бўйича рўйхатдан ўтказиш соҳасидаги асосий принциплар ҳамда тушунчалар белгиланмоқда.
Шунингдек, ИИВнинг яшаш жойи ва турган жой бўйича рўйхатдан ўтказиш соҳасидаги ваколатлари белгиланмоқда.
Фуқароларга ҳамда доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга турган жойи бўйича рўйхатдан ўтиш учун ўзларига қулай бўлган ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари, давлат хизматлари марказлари орқали шахсан ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали онлайн тарзда мурожаат қилиш имконияти яратилмоқда.
“Е-xabar berish” тизими жорий этилиб, турар жойи бўйича рўйхатдан ўтишга мурожаат қилган Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни рўйхатдан ўтказиш ҳамда уларнинг ҳисобини юритиш мазкур тизим орқали амалга оширилиши белгиланмоқда.
Фуқароларнинг яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйилмасдан истиқомат қилиш муддати 15 кундан 10 иш кунигача қисқартирилиб, фуқаролар ва турар жой эгаларининг ўз вақтида яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтиш борасидаги масъулияти оширилмоқда.
Паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун жарималар ҳуқуқбузарликларнинг ижтимоий хавфлилик даражасидан келиб чиққан ҳолда мақбуллаштирилиб, уларнинг аниқ миқдори белгиланмоқда.
Бундан ташқари, қонун билан 18 ёшга тўлмаган ва 60 ёшдан ошган шахслар паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун жавобгарликка тортилмаслиги тўғрисидаги янги қоида киритилмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун билан аҳолининг эркин ҳаракатланишига оид конституциявий ҳуқуқи таъминланади. Қонун ҳуқуқни қўллаш амалиётида ортиқча бюрократиянинг ҳамда коррупциявий ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Норгул Абдураимова,
Носир Ҳайдаров (сурат),
ЎзА
- Қўшилди: 24.01.2025
- Кўришлар: 506
- Чоп этиш