Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов 18 ноябрь куни Япониянинг Фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фужияма билан учрашди.
Томонлар ушбу учрашув Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Японияга ташрифига тайёргарлик даврида ўтказилаётганига эътибор қаратдилар. Ўзбекистон ва Япония барча соҳаларда ҳамкорликни изчил ривожлантиришга интилаётгани қайд этилди.
Бугунги кунда Япония компанияларининг инвестицияларини Ўзбекистон иқтисодиётига жалб этиш, парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, ижтимоий-иқтисодий, маданий-гуманитар ва туризм соҳаларида амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар ўз самараларини бермоқда. Ҳар икки давлат ўзаро ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Маълумки, жорий йил 8 декабрда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига 27 йил тўлади. Шу муносабат билан Марказ Тошкент Давлат юридик университети билан биргаликда конституцияшунослик бўйича ўзбек-япон юридик форумини ташкил этмоқда. Жаноб Ё.Фужияма бўлажак анжуманга катта қизиқиш билдирди.
Марказ ташаббуси асосида Япония Конституциясини япон ва ўзбек тилларида нашр этиш лойиҳаси ҳам япон элчисининг диққатини тортди. Айни вақтда Япония Конституцияси ўзбек тилига таржима қилинган, унга қисқача изоҳли луғат ва сўнгсўз матнлари ҳам тайёрланган.
Томонлар, шунингдек, атоқли япон олими ва жамоат арбоби, Ўзбекистоннинг “Дўстлик” ордени соҳиби Като Кюдзо хотирасига бағишланган “Ўзбекистон – япон қалбида” рангли-безакли китоби нашри ҳақида фикр алмашдилар.
Учрашув давомида икки томонлама манфаатли истиқболли йўналишлар, жумладан, инсон ҳуқуқлари, таълим ва маданият соҳаларида тажриба алмашиш, ҳамкорликни кенгайтириш ва бошқа муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 18.11.2019
- Кўришлар: 5118
- Чоп этиш