19 апрель куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов Ф.Эберт номидаги фонднинг Қозоғистон ва Ўзбекистондаги минтақавий директори Кристоф Моор билан учрашди.
Мулоқот асносида А. Саидов Ўзбекистон билан Германия ўртасида икки томонлама ҳамкорлик турли соҳаларда, шу жумладан, инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳам фаоллашиб бораётганини таъкидлади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессияси Юқори даражадаги сегментида илгари сурган ташаббуслари ҳақида алоҳида сўз юритилди. Ўзбекистон томони Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ижросига доир амалий ишлар тўғрисида ҳам маълумот берди.
Ф.Эберт номидаги фонднинг минтақавий директори К.Моор бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни юксак баҳолади ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясидаги нутқи билан танишиб, катта қониқиш ҳосил қилганини алоҳида таъкидлади. Шу муносабат билан К.Моор мазкур ташаббусларни рўёбга чиқариш йўлида ўзаро ҳамкорликка тайёрлигини маълум қилди.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари, шунингдек Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг 25 йиллигини нишонлаш доирасида ўтказиладиган тадбирлар режаси атрофлича муҳокама қилинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 20.04.2021
- Кўришлар: 3401
- Чоп этиш