2020 йил 28 июль куни "Барқарор ривожланиш мақсадларини Осиё-Тинч океани минтақасида имплементация қилишда COVID-19 кўрсатадиган таъсир: бунда парламентларнинг роли қандай бўлиши керак?" мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди. Ушбу онлайн анжуман Парламентлараро иттифоқ томонидан БМТнинг Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси – ЭСКАТО билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Халқаро конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Парламентлараро иттифоқ раисининг ўринбосари Акмал Саидов иштирок этди ва сўзга чиқди. А.Саидовнинг маърузаси матни қуйида ҳавола этилмоқда.
БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) инсониятни ҳимоя қилиш ва фаровонлигини оширишга қаратилган бўлиб, бу борада якдиллик билан саъй-ҳаракат қилиш учун ўзига хос чақириқ ҳисобланади.
Барқарор ривожланиш мақсадларининг 2030 йилгача мўлжалланган Кун тартиби янги дунё ҳақидаги дадил тасаввурдир. Унда ижтимоий ва сиёсий адолатга содиқ қолиш, ижтимоий ва сиёсий ҳисобдорликнинг янгича шаклларини қўллаб-қувватлаш сари имкон қадар кўпроқ интилишлар ўз мужассамини топган.
Бугунги коронавирус инқирози шароитида Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳар доимгидан ҳам долзарброқ. Нега деганда, дунё тарихий кўламларга эга бўлган, яъни кейинги 50 йил давомида кузатилмаган энг йирик таҳдид ва инқирозга дуч келиб турибди.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ҳаққоний таъкидлаганидек, "COVID-19 пандемияси келтириб чиқарган инқирознинг нақадар жиддий экани барча учун тушунарли бўлмоғи керак".
Жорий йилнинг иккинчи чорагида жаҳон миқёсида тахминан 400 миллион иш жойи мавжудлигига тенг бўлган қувватдаги улкан иқтисодий салоҳият бой берилди. Бундан ташқари, экспертлар қайд этганидек, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш борасидаги имкониятларимиз йўлига COVID-19 жиддий тўсиқ бўлмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Барқарор ривожланиш мақсадларининг Парламентга доир мезонларига тўхталиш мақсадга мувофиқдир.
Миллий парламентлар ўз мамлакатининг ривожланиш жараёнларида катта роль ўйнайди. Бинобарин, парламентлар Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишнинг муҳим воситасидир.
Афсуски, жамоатчилик соғлиғини сақлаш ва дастлабки тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш соҳалари бўйича тавсия этиш мумкин бўлган «ҳамма учун ягона рецепт» мавжуд эмас. Шу билан бирга, ижтимоий, иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларини ҳуқуқий тартибга солишни таъминлаш жуда ҳам муҳим.
Қабул қилинадиган қонунларни баҳолашнинг самарали механизмини ишлаб чиқиш зарур. Парламент тараққиёти Барқарор ривожланиш мақсадларининг "ҳеч ким ортда қолмаслиги керак" принципига амал қилишда қўл келади.
Камбағалликни камайтириш бўйича чораларни режалаштиришда парламент фаол роль ўйнаши лозим. Бундай ёндашув, ўз навбатида, барқарор иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш жараёнида жамоатчиликнинг янада кенг иштирокини таъминлашда қўл келади.
Ўзбекистонда мустақиллик йилларида миллий парламент фаолияти соҳасида ибратли анъаналар тўпланди. БРМни амалга ошириш учун зарур ҳуқуқий асослар мунтазам такомиллаштириб борилмоқда. Бунда халқаро ва илғор хорижий тажрибалардан унумли фойдаланилмоқда.
Қонун ижодкорлиги сифатини ошириш, ўз навбатида, мамлакат ўз олдига қўйган мақсадларга эришиш, фуқаролар ҳаёти фаровонлигини ошириш учун зарур бўлган парламент назоратини кучайтириш имконини бермоқда.
Сўнгги 3 йилда Олий Мажлис томонидан ижтимоий соҳада 30 дан зиёд қонун қабул қилинди. Хусусан, "Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида", "Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида", "Касаба уюшмалари тўғрисида", "Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида"ги қонунлар шулар жумласига киради.
Парламентимиз томонидан 10 дан ортиқ халқаро шартнома, шу жумладан, Халқаро меҳнат ташкилотининг 4 та Конвенцияси ратификация қилинди.
Ўзбекистон Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишнинг қатъий тарафдоридир. Мамлакатимизда 2017-2021 йиллар доирасида амалга оширилаётган Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишлари Барқарор ривожланиш мақсадларига тўла мос тушади.
2018 йилда Ҳукумат томонидан Барқарор ривожланиш соҳасидаги 16 та Миллий мақсад ва шу мақсадлар билан боғлиқ равишда 2030 йилгача бўлган даврга мўлжалланган 127 та вазифа тасдиқланган.
Ана шу Миллий мақсад ва вазифаларни имплементация қилиш бўйича "Йўл харитаси" қабул қилинган. Бош вазир ўринбосари бошчилигидаги Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилган.
Кейинги уч йилда камбағалликка барҳам бериш, аҳоли соғлиғини яхшилаш, хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш, экология муаммоларига ечим топиш, гендер тенгликни таъминлаш каби муҳим соҳаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, Гендер тенгликни таъминлаш бўйича комиссия ва Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш тузилган бўлиб, уларнинг фаолиятида парламент аъзолари иштирок этмоқда. Парламент палаталарининг қўллаб-қувватлаши туфайли Ёшлар парламенти ўз ишини бошлади.
2020 йил 22 июнда халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси қабул қилинди.
Миллий стратегияни тайёрлашда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлашнинг долзарб муаммоларини ҳар томонлама ўрганиш, амалдаги қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва илғор хорижий тажриба таҳлили, шунингдек кенг жамоатчилик муҳокамалари, халқаро ва миллий маслаҳатлашувлар натижаларига таянилди.
Ҳозирги вақтда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияни амалга ошириш ишлари бошлаб юборилди. Хусусан, шу мақсадда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларга амал қилиш бўйича Парламент комиссияси тузилмоқда.
Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича саъй-ҳаракат ва мажбуриятлар декадаси бошланган. Мазкур лойиҳа парламент томонидан БМТнинг мамлакатимиздаги агентликлари билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни бажариш бўйича Ихтиёрий миллий шарҳ тақдимоти ўтказилди. Ушбу маъруза лойиҳаси парламент ва жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилинди.
Ўзбекистон 2020 йил июль ойида Барқарор ривожланиш бўйича юқори даражадаги сиёсий форумга Ихтиёрий миллий шарҳини тақдим этган 49 та давлат сафидан жой олди.
2020 йилнинг май ойида Ўзбекистон Республикининг 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларининг амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссиясининг биринчи мажлиси ўтказилди.
Парламент комиссиясининг фаолияти Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсадларнинг бажарилишини ҳам миллий, ҳам минтақавий даражада доимий назорат қилишдан иборат бўлиб, ушбу жараён вилоят ва туманлар кесимида амалга оширилади. Бу борадаги ишларга маҳаллий Кенгашларнинг 6 минг 600 нафар депутатидан иборат улкан салоҳият сафарбар этилган.
Барқарор ривожланиш мақсадларига доир маълумотлардан парламент аъзоларининг хабардорлигини ошириш мақсадида Парламентлараро иттифоқнинг "Парламентлар ва Барқарор ривожланиш мақсадлари" номли қўлланмаси ўзбек тилида нашр этилди.
Ўзбекистон коронавирус пандемияси даврида БМТ тузилмалари билан яқин ҳамкорликда иш олиб бормоқда. COVID-19 пандемияси билан боғлиқ жаҳон инқирози шароитларида Ўзбекистоннинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиётини, айниқса, соғлиқни сақлаш, маданият, аҳоли бандлиги соҳаларидаги ривожланиш суръатларини тиклаш бўйича амалга ошираётган комплекс чора-тадбирлари халқаро миқёсда қўллаб-қувватланмоқда.
Сўнгги ой ичида БМТ ва унинг тузилмалари, хусусан, Халқаро меҳнат ташкилоти, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, ЮНЕСКО, БМТРД, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарининг Бошқармаси, ЮНФПА, ЮНИСЕФ, Халқаро миграция ташкилоти ҳамда Прламентлараро иттифоқнинг юқори лавозимли вакиллари иштирокида он-лайн шаклда Глобал мунозараларнинг 2 та туркуми ташкил этилди.
БМТ Бош котиби А.Гутерришнинг "БМТ-75" халқаро ташаббуси доирасида ўтказилган ушбу мунозаралар Барқарор ривожланиш мақсадларининг бажарилишига бағишланди. Охирги мунозараларда ижтимоий соҳани ривожлантириш - маданият, соғлиқни сақлаш ва бандлик тизимларига доир масалалар муҳокама қилинди.
Глобал мунозараларнинг 3-туркуми гендер тенгликни таъминлаш, болалар, ногирон шахслар ва мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бағишланади. Тадбирнинг ташкилотчилик ишлари Гендер тенгликни таъминлаш бўйича комиссия зиммасига юкланган.
Жорий йилнинг 12-13 август кунлари Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумини видеоконференция шаклида ўтказиш режалаштирилган. Бўлажак анжуман ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантиришнинг долзарб масалаларига бағишланади.
Форумнинг мақсади – ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришнинг халқаро ҳамда минтақавий восита ва механизмларини такомиллаштиришга тааллуқли долзарб масалаларни муҳокама қилишдан иборат. Мазкур халқаро анжуманнинг фахрий спикерлари сифатида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари, Парламентлараро иттифоқ Бош котиби, БМТнинг Ёшлар масалалари бўйича махсус элчиси ва бошқа юқори мартабали шахсларни таклиф этиш мўлжалланмоқда.
Биз Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш чорраҳасида турибмиз. Аксарият ҳолларда миллий парламентлар ХIX асрга мансуб модель асосида ташкил топганига эътибор қаратайлик. Бу моделни такомиллаштириш, шу жумладан, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, халқ билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш, макон ва замон чақириқларига ўз вақтида жавоб қайтариш тақозо этилади.
Шу маънода, Парламент демократик бошқарувнинг юраги сифатида ҳамиша фуқароларнинг, сайловчиларнинг, фуқаролик жамиятининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясида мустаҳкам туриши шарт.
Акмал Саидов,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари,
Парламентлараро иттифоқ раисининг ўринбосари
- Қўшилди: 28.07.2020
- Кўришлар: 4108
- Чоп этиш