Муносабат
Саккиз йил олдин мамлакатимиз бошқарув соҳасида хотин-қизлар ўртача йигирма фоизни ташкил этган. Ҳозирда бу рақам ўттиз беш фоизга етди. Мисол учун, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг ўттиз саккиз фоизини, Сенат аъзоларининг йигирма етти фоизини аёллар ташкил этмоқда.
Кўксарой қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ташкил этилган тантанали маросимда бу рақамлар тилга олинар экан, азиз аёлларимиз турли соҳа ва тармоқларда Ватанимизнинг жадал тараққиёти учун муносиб ҳисса қўшаётганлари алоҳида эътироф этилди.
Юртимизда ушбу байрамнинг шукуҳи, гўзаллик фаслининг таровати кезиб юрибди.
Бугун ҳам тадбир иштирокчилари – жамиятдаги фаол хотин-қизлардан интервьюлар бериб боришни давом эттирамиз.

Мавлудахон ХЎЖАЕВА, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари:
– Давлатимиз раҳбари уй-рўзғор ишлари ҳамда фарзанд тарбиясидан ортиб, таълим олаётган, меҳнат қилаётган ва тадбиркорлик билан шуғулланаётган хотин-қизларни замонамизнинг ҳақиқий қаҳрамонлари, деб атадилар. Янги Ўзбекистонда хотин-қизларнинг оғирини енгил қилиш, улар учун барча соҳаларда зарур шароитларни яратиб бериш доимо давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолишини яна бир бор таъкидладилар. Давлат раҳбари нутқининг бошиданоқ айтилган ушбу фикрлар, ҳеч муболағасиз, мамлакатимизда фаол, янгиликка интилувчан хотин-қизлар сони янада ортишига хизмат қилади.
Сўз ва амал бирлигида гап кўп. Буни кейинги йилларда аёлларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизими янгича ташкил этилганида ҳам кўриш мумкин. Бу ўзгаришлар янгиланган Бош қомусимиздаги ижтимоий давлат тамойилига тўлиқ мос келади.
Фикрларимизни баъзи рақамлар билан асосласак бўлади. Жорий йилда ногиронлиги бўлган 162 минг нафар аёлга санаторий, шифохона ва ўзлари яшаётган маҳаллада тиббий ёрдам кўрсатилади. Боқувчисини йўқотган 130 минг нафар хотин-қизга эса моддий ёрдам берилади. Яна минглаб опа-сингилларимизнинг уй-жой шароитлари яхшиланади, меҳнатга лаёқатлилари ишга жойлаштирилади.
Президент хотин-қизларнинг саломатлиги – ҳар томонлама соғлом ва қудратли жамият пойдевори эканлигини қайд этди. Шу мақсадда 230 та туғруқ муассасаси йигирма бир мингта энг замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланади. Касални даволагандан унинг олдини олган яхши дейишади. Шу фикрлар асосида жорий йилда 1,5 миллион нафар хотин-қизда саратон касаллигини эрта аниқлаш мақсадида скрининглар ўтказилиши айтилди.
Бу рақамлар шунчаки айтилгани йўқ. Уларнинг ижроси таъминланиши, тегишли чоралар кўрилиши шубҳасиз. Чунки муҳим йўналишлар ижроси бўйича йиғилишнинг ўзида масъулларга топшириқлар берилди.

Дилноза КАТТАХОНОВА, Ёшлар ишлари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари:
– Тадбир жамиятда хотин-қизларнинг фаоллиги, қадр-қимматини оширишга қаратилган кўплаб ташаббуслар илгари сурилгани билан жуда аҳамиятли бўлди. Қиз боланинг ўқиши бутун оилага наф келтириши яна бир бор таъкидланди. Бунда бир-бирини талаб қиладиган ҳаётий қоида бор. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, агар оила билимли, маърифатли бўлса, жамиятнинг онги, маданий даражаси ҳам юксалади. Онг ва маданий даражанинг юқори бўлиши мамлакат тараққиётини кафолатловчи куч саналади.
Мамлакатимизда бу борада кейинги йилларда тизимли ишлар амалга оширилди. Бу эса натижасини бермоқда. Биргина мисол, бугун талабаларнинг эллик икки фоиздан ортиғини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Ўтган йилнинг ўзида магистратурада ўқиётган ўн беш мингга яқин опа-сингилларимизга юз миллиард сўмга яқин контракт пули тўлаб берилгани ҳам оддий иш эмас.
Ҳозирги вақтда илмий фаолият билан шуғулланаётган хотин-қизлар сони ҳам ортиб бормоқда. Илмий ишланмаларнинг тўртдан бирини олима аёллар яратаётгани ҳам жамиятда уларнинг ўрни мустаҳкамланиб бораётганини англатади.
Тантанали тадбир давомида йигирма саккиз нафар қиз Зулфия номидаги Давлат мукофотини шахсан давлатимиз раҳбаридан қабул қилди. Кўпчилик шу дамда бу қизларнинг юз-кўзларида акс этган шижоатга эътибор қилди. Бу каби кўтаринки кайфият, ўзгача мотивация мамлакатимиздаги барча опа-сингилларимизда ҳам туғилгани шубҳасиз.
Икром АВВАЛБОЕВ,
Отабек МИРСОАТОВ (сурат),
ЎзА
- Қўшилди: 11.03.2025
- Кўришлар: 655
- Чоп этиш