27 июль куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати таъсисчиларининг умумий йиғилиши бўлиб ўтди, дейилади senat.uz сайти хабарида. Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган йиғилишни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.
Тадбирда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати таъсисчилари ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари қатнашди. Йиғилишда, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов иштирок этди.
Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Нарбаева ўз нутқида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати қисқа давр ичида нуфузли жамоат ташкилотига айлангани, унинг мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларни жамоатчиликка етказишда фаол иштирок этаётганини таъкидлади. Қолаверса, Давлат ва жамият ҳаётини юксалтиришга қаратилган илғор ғояларни ишлаб чиқишдаги ўрни тўғрисида сўз юритди.
Йиғилишда Ҳаракат томонидан амалга оширилган ишлар ва эришилган муваффақиятлар юзасидан ахборот берилди.
Шундан сўнг таъсисчилар А.Бурхановнинг Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори лавозимига тайинланганлиги сабабли уни Ҳаракат раиси лавозимидан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилди.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати – нодавлат нотижорат ташкилотининг раиси лавозимига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Демократик институтлар нодавлат нотижорат ташкилотлари ва ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси аъзоси Бобур Бекмуродов номзоди кўрсатилди. У 2019 йилдан ҳозирга қадар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ҳамда 2020 йилдан буён “Юксалиш умуммиллий ҳаракати раиси ўринбосари бўлиб ишлаб келган.
Таъсисчилар томонидан Бобур Бекмуродовни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати – нодавлат нотижорат ташкилоти раиси лавозимига сайлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги Фармони доирасида кенг жамоатчилик томонидан илгари сурилган «Юксалиш» умуммиллий ҳаракатини ташкил этиш ташаббуси маъқулланиб, худди шу куни ушбу Ҳаракат ташкил этилган.
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати 2019 йил 25 январда нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган. Ўша йили 7 февралда Тошкентда ташкил этилган Фуқаролик форумида ташкилотнинг расмий тақдимоти ўтказилган.
Ҳаракатни ташкил этишдан асосий мақсад - Ўзбекистон тараққиётига бефарқ бўлмаган барча фуқаролар, хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар, бизнес ҳамжамияти, академик доира вакилларини амалга оширилаётган ислоҳотлар атрофида ихтиёрийлик асосида бирлаштириш ҳисобланади.
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати фаолиятининг асосий йўналишларига қуйидагилар киради:
* Халқ ва бизнес ҳамжамияти билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш;
* Бизнес ва академик доиралар, фуқаролик жамияти институтлари, халқаро ташкилотлар вакиллари билан тадқиқотлар ўтказиш;
* Режалаштирилган, шу жумладан, Давлат дастурида назарда тутилган ислоҳотларни амалга оширишга кўмаклашиш;
* Жамоатчилик назоратининг самарали тизимини шакллантириш;
* Фуқаролар ва ННТ ташаббусларини ўрганиш ва қўллаб-қувватлаш.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 27.07.2020
- Кўришлар: 4156
- Чоп этиш