7-8 октябрь кунлари пойтахтимизда Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг “Тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг аҳамияти” мавзусидаги 6-семинари бўлиб ўтди.
Унда дунёнинг қарийб 50 давлатидан вакиллар қатнашди. Иштирокчиларнинг жами сони 150 нафарни ташкил этди.
Йиллик семинарнинг ялпи мажлисида 5 нафар халқаро ва миллий мутахассиснинг маърузалари тингланди. Мунозараларда ИҲТ Комиссиясининг 15 нафар аъзоси, ИҲТга аъзо давлатлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича институтларнинг 10 нафар вакили ўз фикр-мулоҳазаларини баён этишди.
Кенг кўламли мунозара ва мушоҳадалар, ўз навбатида, ёшларнинг ҳуқуқлари ҳамда имкониятларининг кенгайтиришга қаратилган амалий қарорлар учун замин бўлиб хизмат қилди. Натижада халқаро анжуман иштирокчилари якунловчи ҳужжат – Ислом ҳамкорлик ташкилоти аъзо мамлакатларида ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Тошкент Декларациясини қабул қилдилар.
Анжуман иши жараёнида, Тошкент Декларацияси муқаддимасида таъкидланганидек, ислом динида ёши улуғлар навқирон авлод учун намуна бўлиб хизмат қилиши ва ислом жамиятлари ўзининг асосий қадриятлари тизимини ўзида жо қилган шахсиятларни шакллантиришга интилиши тасдиқланди.
Декларацияда инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикаси томонидан намоён этилган таҳсинга сазовор етакчилик ва мақтовга лойиқ мавқе минатдорлик ҳиссини уйғотгани эътироф этилди. Ислом таълимоти ва халқаро инсон ҳуқуқлари нормаларига мувофиқ ёшлар ҳуқуқларини яхшироқ тушунишни рағбатлантириш учун ИҲТга аъзо барча давлатлар ва ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.
Тошкент Декларациясида халқаро даражада ва ИҲТга аъзо мамлакатлар томонидан ёшлар ҳуқуқларини тўла таъминлаш йўлида келгусида амалга ошириладиган муҳим ташаббуслар баён этилган.
Халқаро анжуман иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 72-сессиясида илгари сурган БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини қабул қилиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватладилар.
Тошкент халқаро семинари тафсилотлари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди. Хабар ва тасвирлар, интервью ва репортажлар Интернет тармоғи, телевидение ва радио каналлари, газеталар орқали жамоатчиликка тезкор суръатларда етказилди.
Шу мавзуда биргина ЎзА томонидан 9 тилда 78 та матнли ахборот узатилди. Марказ веб-сайтига 30 та матнли материал жойлаштирилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 23.10.2019
- Кўришлар: 5420
- Чоп этиш