Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, инсон манфаатларини таъминлаш, болалар ҳуқуқларини кафолатлаш, тадбиркорларга қулай шарт-шароитлар яратиш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган масалалар кўриб чиқилди, деб хабар бермоқда оммавий ахборот воситалари.
Қонун лойиҳалари муҳокамасида, энг аввало, уларнинг ҳаётимизда қанчалик аҳамиятга эгалиги, тўғридан-тўғри ишлайдиган ҳужжат сифатида амалиётга қай даражада татбиқ этилишига эътибор қаратилди.
Мажлисда кўплаб масалалар қаторида “Бола ҳуқуқлари кафолатларининг янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси батафсил кўриб чиқилди.
Ушбу ҳужжат билан бир қатор қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган ўзгартишга кўра, 18 ёшга тўлмаган чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахсни, агар унинг ота-онасидан бири, васийликка ёки ҳомийликка олган шахс Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний асосга кўра яшаш ҳуқуқига эга бўлса, Ўзбекистон Республикасидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш тақиқланмоқда.
Депутатларнинг фикрича, бу болалар ҳуқуқларини таъминлаш баробарида, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Таъкидланганидек, қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида депутатлар томонидан билдирилган ҳар бир таклиф ва мулоҳаза атрофлича ўрганиб чиқилди.
Таклифларнинг аксарияти инобатга олинди ва лойиҳага таҳририй ўзгартишлар киритилиб, маромига етказилди. Ҳаволаки нормалар чиқарилиб, тўғридан-тўғри ишлайдиган моддалар билан бойитилди.
Қизғин баҳс-мунозара, савол-жавоблардан сўнг ушбу ҳужжат моддама-модда кўриб чиқилиши жараёнида баъзи масалалар борлиги ойдинлашди. Парламент аъзоларининг саволлари, эътирозларидан келиб чиқиб, лойиҳа қуйи палатанинг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилиши учун масъул қўмитага қайтарилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот маркази
- Қўшилди: 20.02.2020
- Кўришлар: 4649
- Чоп этиш