Ёпиқ муассасалар ва озодликдан маҳрум этиш жойларини мониторинг қилиш борасида хорижий давлатларда қандай тажриба тўпланган? Буюк Британия Жазони ижро этиш муассасалари бошқармаси вакили Жанет Хол ўз мамлакатининг амалиёти мисолида ушбу саволга жавоб бўладиган муҳим маълумотларни тренинг машғулотлари иштирокчиларига тақдим этди.
Буюк Британияда қамоқхоналарни мониторинг қилиш тарихи 1800 йилга бориб тақалади, деди Жанет Хол. Ўшанда бу фаолият билан илк бор Жон Ховард шуғулланган. Кейинчалик, 1835 йили ушбу соҳани тартибга соладиган қонунчилик ишлаб чиқилган. 1952 йили қамоқхоналар тўғрисидаги қонун қабул қилинган бўлса, 2003 йилга келиб Қийноқларга қарши конвенциянинг Факультатив протколи ратификация этилган.
Бундан ташқари Буюк Британияда 1982 йили қамоқхоналарни мониторинг қиладиган мустақил инспекция тузилган. 2009 йили Миллий превентив механизм (МПМ) тайинланган. Бугунги кунда мамлакатда 21 та МПМ мавжуд. Уларнинг фаолияти Буюк Британия Жазони ижро этиш муассасалари бошқармаси томонидан мувофиқлаштириб борилади. Бошқарманинг йиллик бюджети 4,5 миллион фунт-стерлингни ташкил этади ва бу маблағнинг 83 фоизи бевосита ходимлар учун сарфланади.
Британиядаги МПМларнинг ҳар бири ўз мандатига эга бўлиб, улар йилига 3-4 марта йиғилади. МПМлар парламентга ҳар йили ҳисобот беради. Уларнинг ваколатига, жумладан, қамоқхоналарни мониторинг қилиш учун деярли ҳамиша кутилмаганда кириб бориш, объектлар билан танишишда ҳеч қандай тақиқ қўйилмаслиги, чекловларсиз ахборот тўплаш имконияти ва ҳисоботларни чоп этиш ҳуқуқи киради.
Буюк Британия Жазони ижро этиш муассасалари бошқармаси вакилининг қайд этишича, 2018-2019 йилларда ушбу мамлакатдаги МПМлар томонидан қамоқхоналар мониторинги якунлари бўйича 1 минг 599 та тавсия тайёрланган. Шунингдек, 14 та ёзма ва 8 та оғзаки ҳисобот тегишли тартибда тақдим этилган.
Тренинг машғулотларининг учинчи куни ёпиқ муассасаларда куч ишлатиш, турли қурол ва махсус воситаларни қўллашга доир халқаро стандартлар атрофлича кўриб чиқилди. Эксетер университети профессори Аби Даймонд бундай тийиб туриш воситаларини амалдаги стандартлар асосида қўллаш зарурлигини таъкидлади.
Масалан, кўздан ёш оқизувчи газни қамоқ камерасида ишлатиш мумкин эмас. Камерадаги маҳбусни кишланлаш ҳам нотўғри. Қамоқхона ходимлари "дубинка", яъни тўқмоқни кўз-кўз қилмасдан тақиб юриши лозим. Ўқ отар қуролдан эса ходимлар фақат ўзини ҳимоя қилиш ёки бошқаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш ё оғир жароҳат олишига йўл қўймаслик мақсадидагина фойдаланиши мумкин.
Бу қалтис мавзу МПМ доирасидаги мониторинг гуруҳи аъзолари учун қанчалик муҳим? Халқаро экспертнинг фикрича, ёпиқ муассасаларда ишлатиладиган қурол ва махсус воситаларни кўздан кечириш орқали ҳам ўша муассасада қонун талабларига нечоғлик риоя қилинаётгани хусусида зарур тушунчага эга бўлиш мумкин.
Мисол учун, тийиб туриш учун мўлжалланган махсус восталарнинг қачон ва қаерда ишлаб чиқарилганига доир маълумотлар билан танишиш, авваламбор, бу махсус воситаларнинг ушбу муассасада қўлланилишига расман рухсат этилгани борасида аниқ маълумот олиш имконини беради. Шу билан бирга, муддати ўтган ё нобоп сақланган тийиб туриш воситалари мавжудлигини аниқлаш мумкин бўлади. Зеро, резина ўқ муддати ўтганидан сўнг қаттиқлашиши, кимёвий восита эса эскириши оқибатида инсонга меъёрдан ортиқ азоб бериши мумкин.
Маълумки, тартиб-қоидаларга биноан, тийиб туриш воситалари муайян ҳодисалар муносабати билан қўлланилади ва бу ҳолатларнинг ҳар бири алоҳида қайд этиб борилади. Қайд этиш дафтарлари билан танишилганда эса, маҳбусларнинг шикоятлари билан қурол ва махсус воситалар қўлланилган ҳолатлар ўртасидаги боғлиқликни таҳлил қилиш имкони туғилади.
Машғулот давомида халқаро экспертлар маҳбусларнинг ўз жонига қасд қилиши муаммосига ҳам атрофлича тўхталдилар.
БМТ Қийноқларнинг олдини олиш бўйича кичик қўмитаси раиси ўринбосари Виктор Захария қамоқхоналарга мониторинг учун борилганда бўладиган ёки шундай ташрифдан кейин келиб тушадиган шикоятлар билан ишлаш масаласи бўйича мавжуд пиринциплар, ёндашувлар ва механизмлар ҳақида сўз юритди. Бу борадаги халқаро стандартлар ва илғор амалиёт билан тингловчиларни таништирди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 06.09.2019
- Кўришлар: 5768
- Чоп этиш