Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов Австрия Радио ва телевидениеси –ОРФнинг Москвадаги ваколатхонаси мухбири Кристиан Линингер ва ОРФ телеоператори Тарас Ринза билан мулоқотида шундай баёнот берди. Хорижий журналистлар билан учрашув 5 август куни Марказ биносида бўлиб ўтди.
– Сиёсий ҳаётимизда ва жаҳон ҳамжамияти олдида жуда катта аҳамиятга эга бўлган ушбу тарихий қадам давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган шиддатли, айни чоғда, изчил ва давомли ислоҳотларнинг яна бир яққол самарасидир, – деди А.Саидов. – Чунки инсон ҳуқуқларини таъминлаш дегани бу маълум масофадан сўнг ҳаракат тўхтайдиган охирги бекат эмас, балки узвий давом этадиган жараёндир.
“Жаслиқ” қамоқхонасининг ёпилиши, бир томондан, юртимиз шаънига доғ бўлиб тушган ёмон тамғали муассасадан воз кечиш ва халқаро майдонда Ўзбекистон имижини кўтаришга хизмат қилса, иккинчи томондан, бевосита юртдошларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, хусусан, маҳбуслар сонини камайтириш борасида муҳим аҳамият касб этади.
Ана шундай инсонпарвар сиёсат туфайли ўтган қисқа даврда мамлакатда маҳбуслар сони икки баробар камайишига эришилди. Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳар 100 минг аҳолига 94 нафар маҳбус тўғри келади. Бу МДҲ давлатлари, ҳатто Европа мамлакатлари билан қиёслаганда ҳам энг яхши кўрсаткичдир.
Ўзбекистон Президенти кейинги 2,5 йил ичида афв этиш тўғрисида 7 та фармон имзолади. Мустақиллик куни, Конституция қабул қилинган сана, “Наврўз” ва Ҳайит байрамлари муносабати билан қабул қилинган ушбу фармонлар асосида афв этилганларнинг умумий сони 3 минг 952 нафарга етди.
Бу – Ўзбекистон Президенти том маънода инсон ҳуқуқлари кафили эканининг амалий исботидир. Бу мамлакатимизда қонунийлик, инсонпарварлик ва адолат тамойилларига мос одил сиёсат олиб борилаётганидан далолатдир.
Австриялик журналистлар, шунингдек, кейинги йилларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ҳолат қанчалик ўзгаргани, болалар меҳнатидан фойдаланишга, умуман, мажбурий меҳнатга барҳам бериш, сиёсий партиялар ва матбуотнинг эркинлигини таъминлаш борасидаги сўнгги янгиликлар ҳақида атрофлича ахборот олдилар.
Маълумот учун: Австрия Радио ва телевидениеси (ОРФ) – Австриянинг ягона жамоатчилик телерадиокомпаниясидир. Унинг телерадио дастурлари бутун мамлакат бўйлаб тарқалади. ОРФнинг 4 та радиодастури ва 2 та телеканали мавжуд бўлиб, ҳозирги вақтда Австрия телебозорида етакчи мавқеда турибди. ОРФ 7 миллион телетомошабин ва радиотингловчи мухлисларига эга. ОРФнинг Москвадаги ваколатхонаси 1971 йили ташкил этилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
Матбуот хизмати
- Қўшилди: 05.08.2019
- Кўришлар: 6929
- Чоп этиш