Йўллардаги хавфсизлик учун барчамиз масъулмиз

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлиси 2020 йил 20 ноябрь куни бошланади. Видеоконференцалоқа тарзида ўтказиладиган ялпи мажлисда бир қатор масалалар кўриб чиқилиши режалаштирилган.  

Олий Мажлиси Сенатининг 2020 йил 21 октябрь куни бщлиб щтган саккизинчи ялпи мажлисида 17 та масала, шу жумладан, 4 та қонун муҳокама қилинганди. Шу жумладан, Сенат аъзолари томонидан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва соҳага оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, Бош вазир томонидан 2020 йил 25 августда тақдим этилган жавобга кўра, парламент сўровида кўтарилган масалалар мутасадди вазирлик ва идоралар билан бирга атрофлича ўрганилиб, Вазирлар Маҳкамасининг Раёсатида кўриб чиқилган.

Парламент сўровида кўтарилган бир қатор масалалар бўйича Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалий чора-тадбирлар дастури қабул қилинган. Унда жумладан, қоидабузарликларни автоматик аниқлайдиган фото ва видеомосламалар, шунингдек, онлайн режимида ишловчи қўшимча фоторадарлар ўрнатиш белгилаган.

Бундан ташқари,  Ички ишлар вазирлигининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича кенг кўламли ва асосий вазифаларини амалга оширувчи Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг йўл ҳаракатини ташкил этишни назорат қилиш бўлими ва бўлинмалари штат бирликларининг  етишмаслигини бартараф этиш бўйича тадбирлар ўтказилиши назарда тутилган.  

Шу билан бирга, умумтаълим мактабларида Йўл ҳаракати қоидалари ва ҳаракат хавфсизлиги асосларини ўргатиш, халқ таълими ходимларининг ўқувчиларга Йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш бўйича малакасини ошириш ҳам режалаштирилган.

 Мажлисда сенаторлар томонидан парламент сўровида кўтарилган баъзи масалаларнинг ечимига эътибор қаратилмагани таъкидланди. 

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан 2019 йилда тасдиқланган йўл ҳаракати хавфсизлиги стандартлари юзаки ишлаб чиқилган.

Ушбу стандартлардаги йўл белгиларининг тартиб рақамлари ҳам тўғри белгиланмаганлиги, бу эса йўл ҳаракатининг асосий ва устувор қоидаларидан ҳисобланиши таъкидлаб ўтилди.

Яъни мазкур стандартлар бошқа давлатларнинг стандартларидан тўғридан-тўғри кўчириб олинган. Оқибатда бошқа давлатларнинг амалдаги йўл ҳаракати қоидаларидаги мавжуд йўл белгилари ушбу стандартларнинг иловаларига ҳам киритилган. Ваҳоланки, мазкур йўл белгилари Ўзбекистон Республикаси Йўл ҳаракати қоидаларида мавжуд эмас.

Шунингдек, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, ҳаракат иштирокчиларига қулайликлар яратиш юзасидан маҳаллий ҳокимликлар ҳамда тегишли ташкилот ва идораларга 2017–2020 йиллар давомида жами 6 709 та тақдимнома киритилган бўлса-да, уларнинг 3 173 таси ёки 45 фоизи белгиланган муддатларда кўриб чиқилмаган.

Бундан ташқари, мутахассислар томонидан йўл-транспорт ҳодисаларининг келиб чиқишига сабаб бўлаётган автомобиль йўлларини зарур даражада таъмирлашга эътибор қаратилмагани оқибатида 2019 йилда ва 2020 йилнинг 8 ойи давомида 532 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 511 нафар фуқаро жароҳатланган ва 191 нафар фуқаро ҳалок бўлган.

Бу каби камчиликлар Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан киритилаётган тақдимномалар ижросини таъминламаган мутасаддиларга нисбатан таъсирчан чоралар кўришни тақозо этмоқда.

Шу жиҳатдан Сенат аъзолари аниқланган хато ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли қарор қабул қилди.

Бунда:

- Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан 2019 йилда тасдиқланган йўл ҳаракати хавфсизлигига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва стандартларни 2021 йил 15 январга қадар такомиллаштириш;

- Автомобиль йўлларининг носозлиги оқибатида содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича бир ой муддатда аниқ чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш;

- Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан мутасадди идоралар раҳбарларига киритилаётган тақдимномалар ижросини таъминлашда сусткашликка йўл қўйган мутасадди ходимларнинг масъулиятини ошириш юзасидан зарур чораларни кўриш;

- Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан тасдиқланган чора-тадбирлар дастурида белгиланган вазифалар ижросининг бориши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Ички ишлар вазирлиги томонидан мутасадди идоралар раҳбарларига киритилаётган тақдимномалар ижроси юзасидан ҳар чорак якуни бўйича тақдим этилган маълумотларни қўмитада таҳлил қилиб, чора-тадбирлар дастури ҳамда киритилаётган тақдимномалар ижросини ўз вақтида бажармаган мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларини Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисига таклиф қилиб, муҳокама қилиб бориш белгиланди.

Ушбу масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Шу маънода, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходими Нонна Сафарованинг "Правда Востока" газетасининг 2020 йил 14 ноябрь сонида эълон қилинган "Йўллардаги хавфсизлик учун барчамиз масъулмиз" ("Безопасность на дорогах - наша общая забота") сарлавҳали мақоласи долзарблиги билан муҳим аҳамиятга эга.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech