Зангиота туманида “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги” доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, юридик фанлар доктори, академик Акмал Саидов билан учрашув ўтказилди. Унда фуқаролик жамияти институтлари фаоллари ва маҳаллалар вакиллари қатнашди.
Тадбир иштирокчилари мамлакатимизда шу йил 22 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтадиган сайлов жараёнига тайёргарлик ишларининг бориши, сиёсий партияларнинг ушбу сайловларда фаол иштироки ҳақида сўз юритдилар, деб хабар берди @Zangiotatumanihokimligi.
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда демократик сайловлар ўтказиш том маънода муҳим ижтимоий-сиёсий анъанага айланди. Чунки Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «Сайлов жараёнларида барчамизнинг аввало дунёқарашимиз, сиёсий ва ҳуқуқий маданиятимиз, гражданлик позициямиз яна бир бор намоён бўлади».
- Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси ошкоралик, шаффофлик, ҳаққонийлик, холислик каби демократик принципларни ўзида акс эттириб, долзарб мазмун-моҳият ва улкан ҳуқуқий, ижтимоий ҳамда сиёсий аҳамият касб этади, - деди А.Саидов. - Ушбу Кодекснинг қабул қилиниши мамлакатимизда сайлов жараёнлари янада ошкоралик руҳида ўтишини таъминлайдиган янги, илғор амалиётни жорий этишнинг ҳуқуқий кафолати бўлди.
Тошкент вилоятининг барча туман ва шаҳарларида шундай мулоқот ва учрашувлар ташкил этилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 05.11.2019
- Кўришлар: 5442
- Чоп этиш