3 декабрь куни Женева шаҳрида ўз ишини бошлаган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ирқий камситишларга барҳам бериш бўйича қўмитасининг 100-сессиясида Ўзбекистоннинг даврий маърузалари кўриб чиқилади.
Мамлакатимиз Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги халқаро конвенция қоидаларининг бажарилиши бўйича Ўнинчи – Ўн иккинчи маърузаларини 2018 йили БМТ Қўмитасига тақдим этган. Жорий сессияда ушбу даврий маърузалар муҳокама қилинади.
Шу муносабат билан сессия ишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов бошчилигидаги мамлакат делегацияси иштирок этмоқда.
Ўзбекистон делегацияси ташриф доирасида БМТ Ирқий камситишларга барҳам бериш бўйича қўмитасининг Котибиятида ҳам учрашув ўтказиши режалаштирилган.
Шунингдек, 2020 йили Нью-Йоркда бўлиб ўтадиган сайловда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига 2021-2023 йилларга сайланиши учун Ўзбекистон номзоди илгари сурилгани муносабати билан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг ихтиёрий мажбуриятлари” тақдимотини ўтказиш кўзда тутилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан тайёрланган ушбу ҳужжатда мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишга қўшган ҳиссаси ҳақида мухтасар маълумот берилган. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайланган тақдирда инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро, минтақавий ва миллий кўламларда қандай ихтиёрий мажбуриятларни амалга оширишига доир истиқболдаги режалари баён этилган.
Маълумот учун: Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги халқаро конвенция БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1965 йил 21 декабрда қабул қилинган ва 1969 йил 4 январда кучга кирган. Ҳозирги вақтда ушбу Конвенцияни 182 давлат ратификация қилган. Ўзбекистон Конвенцияга 1995 йил 28 сентябрда қўшилган.
БМТ Ирқий камситишларга барҳам бериш бўйича қўмитаси Конвенция қоидалари бажарилиши муҳокамасига бағишланган сессияларини, одатда, бир йилда уч марта ўтказади. Бу сессиялар тегишли равишда уч-тўрт-уч ҳафта давом этади. БМТ Қўмитасининг 100-сессияси 25 ноябрь – 13 декабрь кунлари бўлиб ўтади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 03.12.2019
- Кўришлар: 5094
- Чоп этиш