Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан тайёрланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегияси лойиҳасида уни амалга оширишнинг асосий йўналишлари кўзда тутилган.
Хусусан, Стратегиянинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш, барқарор ривожланиш соҳасидаги устувор йўналишлари қуйидагилардан иборат:
- иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини таъминлашнинг самарали омили сифатида камбағалликни камайтириш дастурини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш;
- хусусий мулк дахлсизлигининг кафолатини таъминлашнинг самарали механизмларини ўрнатиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг, айниқса тадбиркорларнинг иқтисодий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;
- мулк ҳуқуқи кафолатларини кучайтириш, тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш, тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги қонун ҳужжатларини кодификация қилиш;
- мамлакатнинг соғлиқни сақлаш тизимининг самарадорлиги бўйича ривожланган давлатлар қаторига кириши, соғлиқни сақлаш хизматларининг кенг қамровини, хавфсиз, самарали, юқори сифатли ва арзон зарур дори-дармонлар ва вакциналардан фойдаланиш имкониятини таъминлаш, беморлар ҳуқуқ ва мажбуриятларини қонуний мустаҳкамлаб қўйиш;
- фуқароларнинг репродуктив ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аёллар ва эркакларнинг оилани режалаштириш хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш;
- ишчи-ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини, шу жумладан давлат хизматчилари, тиббиёт, педагог ходимларни меҳнат шартномаларида кўзда тутилмаган ишлардан, мажбурий меҳнатнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишни такомиллаштириш;
- меҳнат мигрантлари ва оила аъзоларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, миллий қонунчиликка халқаро шартномаларни, шунингдек, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича БМТ шартномавий органлари ва Халқаро меҳнат ташкилотининг тавсияларини имплементация қилиш;
- Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш концепциясини ишлаб чиқиш, шунингдек, кексалар, ёлғиз қариялар билан ишлаш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича яхлит ва таъсирчан тизим яратиш, ижтимоий суғуртага оид қонун ҳужжатлари қабул қилиш;
- “Ўзбекистон ёшлари – 2025” концепциясини ишлаб чиқиш, унда маънавий ва жисмоний баркамол авлодни вояга етказишнинг амалий чора-тадбирларини белгилаш;
- фуқароларнинг пенсия олиш ҳуқуқини таъминлаш механизмини такомиллаштириш, шу жумладан, ушбу тизим электрон шаклга ўтказилишини таъминлаш;
- “Меҳрибонлик уйлари”да тарбияланган ёшларнинг ижтимоий мослашуви, хусусан, уларни иш билан, келажакда уй-жой билан таъминлаш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш;
- фарзандликка олувчи ота-оналар учун имтиёзлар ва преференциялар яратиш, моддий манфаатлар тақдим этиш орқали рағбатлантириш меъёрларини кўзда тутувчи фарзандликка олишнинг ташкилий-ҳуқуқий тизимини такомиллаштириш;
- мактабгача таълим тизимини янада ривожлантириш (2025 йилгача 3-7 ёшдаги болаларнинг 74,5 фоизини, шунингдек, 6 ёшли болаларнинг 100 фоизини мактабгача таълим билан қамраб олишни таъминлаш), болаларни ривожланиши, парвариш қилиш ва мактабгача таълим, тарбия тизимини яхшилаш;
- барчани қамраб олувчи, адолатли ва сифатли таълимни таъминлаш ва бутун умр давомида ўқишга бўлган имкониятларини рағбатлантириш, бошланғич ва умумий ўрта таълимни янги сифат даражасига кўтариш, арзон ва сифатли ўрта махсус, олий, касб-ҳунар ва қўшимча таълим олиш имкониятини таъминлаш;
- ёшларнинг олий таълим билан қамраб олинишини, олий ўқув юртларида давлат грантлари миқёсини кенгайтиришни таъминлаш;
- аҳолини тоза ичимлик сувига бўлган имкониятини таъминлаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув хўжалиги ва санитария ҳолатини яхшилашда фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини кенгайтириш;
- аҳолининг урбанизация кўрсаткичларининг изчил ўсиши, дунёнинг замонавий мегаполислари модели бўйича республика шаҳарларининг ривожланиши, “ақлли ва хавфсиз шаҳарлар” концепцияларининг ҳаётга татбиқ этилиши, маданий ва табиий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва сақлаш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтириш;
- ҳозирги ва келажак авлодларнинг қулай экологик муҳитда яшаш ҳуқуқини таъминлаш, қуруқлик экотизимларини ҳимоя қилиш ва тиклаш, ўрмонлардан оқилона фойдаланиш, чўлланишга қарши курашиш, ерларнинг деградация жараёнини тўхтатиш ва муомалага қайтариш ҳамда биологик хилма-хилликнинг йўқолиши жараёнини тўхтатиш;
- табиатни муҳофаза қилишга оид қонунчиликни, экологик чеклашлар тизимини ҳамда табиатдан фойдаланиш режимларини тартибга солишни такомиллаштириш, атроф-муҳитга зарарли таъсирни минималлаштириш учун экологик ҳуқуқ стандартларини жорий этиш.
Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида (regulation.gov.uz) жамоатчилик муҳокамаcи учун эълон қилинган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегияси лойиҳаси юзасидан таклиф ва мулоҳазалар келиб тушмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 11.02.2020
- Кўришлар: 4730
- Чоп этиш