2021 йил 22 cентябрь куни Дурбан декларацияси ва Ҳаракатлар дастури қабул қилинганининг 20 йиллиги кенг нишонланди.
Бундан йиигирма йил олдин бутун дунё мамлакатларининг етакчилари ирқчилик, ирқий камситиш, ксенофобия ва улар билан боғлиқ тоқатсизликларга қарши курашиш учун Жанубий Африканинг Дурбан шаҳрида йиғилишган. “Ирқчиликка қарши Бутунжаҳон конференцияси” деб номланган ушбу йиғилишда ирқчиликнинг барча шакллари ва кўринишларига қарши курашиш бўйича дунё миқёсидаги мажбуриятларни акс эттирувчи кенг қамровли халқаро ҳужжат – Дурбан декларацияси ва Ҳаракатлар дастури қабул қилинган.
Шу маънода, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан ҳамкорликда “Ирқчилик, ирқий камситиш, ксенофобия ва улар билан боғлиқ тоқатсизликларга қарши Ҳаракатлар дастури ҳамда Дурбан декларацияси” китоби нашр этилгани муҳим аҳамиятга эгадир.
Дурбан декларацияси ва Ҳаракатлар дастури Ўзбекистон Республикасининг миллатлараро муносабатлар соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда, жамиятда дўстлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашда, фуқароларнинг ҳуқуқларини ирқи ёки миллати бўйича камситишлардан ҳимоя қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини яратишда катта ўрин тутади. Халқаро ҳужжатлар тавсиявий хусусиятга эга бўлиб, ким ирқчилик қурбонига айланиши мумкинлиги ва ушбу салбий ҳодисани бартараф қилиш муаммосини ҳал қилиш учун давлатларнинг жавобгарлиги тўғрисида хабардор қилади.
Ушбу нашр БМТнинг Ирқий камситишларга барҳам бериш бўйича қўмитасининг якуний кузатувлари ва тавсияларини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар режасининг 13-бандини амалга оширишнинг бир қисми сифатида 2020 йил 15 октябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан тасдиқланган 2020-2022 йилларда ирқий камситилишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги халқаро конвенция қоидаларини амалга ошириш борасидаги Ўзбекистон Республикасининг Ўнинчи – Ўн иккинчи даврий ҳисоботлари кўриб чиқилгандан сўнг нашр этилди.
Мазкур нашр қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, илмий ва таълим муассасалари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари учун мўлжалланган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ушбу китобни нашр этишда кўмак бергани учун Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчисига миннатдорчилик билдиради.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 23.09.2021
- Кўришлар: 5805
- Чоп этиш