13 февраль куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов раҳбарлигидаги делегация аъзолари Буюк Британиянинг инсон ҳуқуқлари соҳаси бўйича бир қатор экспертлари билан учрашди.
Бристол университети ҳузуридаги Ҳуқуқ мактаби профессори Дебра Лонг ва Эссакс университети ҳузуридаги Ҳуқуқ мактаби профессори Колдо Касла инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги амалий тажрибалари ҳақида сўзлаб берди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан Бристол университети ўртасида имзоланган Меморандум доирасида ўзаро ҳамкорликда амалга оширилаётган тадбирлар самаралари алоҳида қайд этилди.
Эссакс университети ва Буюк Британиянинг инсон ҳуқуқлари соҳасида тадқиқотлар олиб борадиган бошқа етакчи муассасалари билан ўзаро алоқаларни йўлга қўйиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистонда кейинги уч йилда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда парламентнинг роли тубдан ошиб бормоқда. Британиялик экспертлар билан, жумладан, БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини (БРМ) бажариш бўйича парламент назорати ва мониторинги механизмларини татбиқ этиш юзасидан фикр алмашилди.
БРМнинг ҳар бир йўналиши инсон ҳуқуқларининг муайян соҳасига бевосита боғлиқдир. Шунинг учун парламент томонидан ушбу муҳим вазифалар ижроси мониторинги жараёнларига фуқаролик жамияти институтлари кенг жалб этилиши мақсадга мувофиқ экани таъкидланди.
Буюк Британия парламентининг жамоатчилик эътиборида турган энг долзарб масалалар юзасидан сиёсий мунозаралар олиб бориш амалиёти алоҳида эътиборга лойиқдир. Келгусида бундай тажрибанинг Ўзбекистон парламенти фаолиятида татбиқ этилиши, бир томондан, мунозара мавзусига айланган муаммони ҳал этишнинг энг мақбул ечимини топиш имконини берса, иккинчи томондан, аҳолининг бу борадаги хабардорлиги ошиши, демакки сиёсий маданияти ортиб боришини таъминлайди.
Британиялик экспертлар Ўзбекистонда Жамоатчилик палатасини ташкил этиш борасида бошланган ишларни юқори баҳоладилар. Бугунги кунда дунёнинг 50 дан ортиқ давлатида худди шундай демократик институтлар мавжуд. Жамоатчилик палатасининг аҳамияти шундаки, у давлат билан жамият ўртасида ишончли кўприк вазифасини ўтайди.
Айни мавзудаги мулоқотлар “Глобал ҳамкорликни бошқарув” (Global Partners Governance – GPG) ноҳукумат ташкилоти фаоллари билан учрашувда ҳам давом этди. Бу ҳақда сўз борганда, ушбу компания ташкил топганидан буён ўтган ўн йилдан ортиқ вақт ичида 30 дан зиёд мамлакатлар билан самарали алоқаларни йўлга қўйганини алоҳида қайд этиш лозим.
Бугунги кунда мазкур ноҳукумат ташкилот БМТТД, Парламентлараро иттифоқ, Миллий демократия институти (NDI), Демократия учун Вестминистер фонди каби ташкилотлар билан яқин ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Энг муҳими, у ўтган даврда янгиланишларни бошқариш ва сиёсий институтларни мустаҳкамлаш борасида замонавий ҳамда ноёб сиёсий ёндашувни ишлаб чиққан.
Хусусан, ташкилот томонидан тайёрланган «Парламентга доир раҳбарий йўриқлар» қўлланмасида парламентлар ва парламент ёрдами масалалари чуқур таҳлил этилган. Айниқса, қўлланмада парламентларнинг тузилиши ва вазифа-ваколатлари, улар амалга оширадиган ахборот-тарғибот ишлари, ижро этувчи ва қонун чиқарувчи ҳокимият ўртасидаги муносабатлар замонавий асосда талқин этилгани диққатни тортади.
“Глобал ҳамкорликни бошқарув” компаниясининг ижрочи директори Сью Гриффс, Жамоат ташкилотлари ва инсон ҳуқуқлари бўйича эксперт Ник Уолкер ҳамда Лойиҳалар бўйича етакчи менежер Зафран Иқбол билан мулоқотларда инсон ҳуқуқлари соҳасида ўзаро тажриба алмашилди. Шунингдек, бу борадаги мониторинг, ҳисобдорлик ва бошқа хил тартиб-таомилларга доир илғор амалиёт атрофлича кўриб чиқилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази делегацияси ташрифи доирасидаги учрашувлар ҳар томонлама фойдали бўлгани эътироф этилди. Бу юзма-юз мулоқотлар, хусусан, Буюк Британиянинг илғор тажрибасини ҳам парламент фаолияти, ҳам инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан бевосита ўрганиш имконини берди.
Ўзбекистон ва Буюк Британия янги парламентлари ҳамкорлигини йўлга қўйишга қаратилган амалий музокаралар чоғида томонларнинг кўплаб яқин ва ўхшаш жиҳатлари бор эканига эътибор қаратилди. Янада муҳими, ушбу ташриф Ўзбекистон Президентининг Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномаси мазмун-моҳияти билан Буюк Британия жамоатчилигини яқиндан таништиришда катта аҳамиятга эга бўлди.
Ташриф давомида бир қатор амалий таклифлар кўриб чиқилди. Хусусан, келгусида Олий Мажлисда ҳам Ўзбекистон – Буюк Британия парламентлараро дўстлик гуруҳи ташкил этилади. Буюк Британия парламенти аъзолари, айниқса, юқори мансабдор шахсларининг мамлакатимизга ташрифлари янада фаоллашади.
Британиялик ҳамкорларимиз шу йил май ойида бўлиб ўтадиган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумига таклиф этилгани бежиз эмас. Чунки амалий муносабатларни нафақат икки томонлама, балки БМТ ва унинг тузилмалари, шунингдек, Парламентлараро Иттифоқ, ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси каби нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида кўп томонлама асосда ҳам изчил ривожлантириш давр талабидир.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 15.02.2020
- Кўришлар: 4658
- Чоп этиш