Женевада «Марказий Осиё – ўлим жазосидан холи минтақа» ташаббусини биргаликда илгари суриш бўйича келишувга эришилди

ЖЕНЕВА, 6 март. /«Дунё» АА /. Женевада БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 52-сессиясининг Юқори даражадаги сегменти мажлиси доирасида Марказий Осиё давлатлари ва Мўғулистон делегациялари раҳбарлари  ҳамда «Ўлим жазосига қарши халқаро комиссия (ЎЖҚХК) ННТ мутасаддилари иштирокида  алоҳида тадбир бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Учрашувда ЎЖҚХК президенти Наванетхем Пиллай, ЎЖҚХК вице-президенти Рут Дрейфус, ЎЖҚХК комиссари Цахиагийн Элбэгдорж, ташкилотнинг бошқа вакиллари, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари ва Мўғулистон делегациялари вакиллари сўзга чиқдилар.

Тадбир давомида Марказий Осиё давлатлари ва Мўғулистонни ўлим жазосидан холи минтақага айлантириш масаласи юзасидан фикр алмашилди.

Учрашувда Ўзбекистон делегацияси раҳбари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов мамлакатимизда амалга оширилаётган Конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқаро ҳамжамият эътиборига ҳавола қилди. Инсоннинг яшаш ҳуқуқини сўзсиз кафолатлаш мақсадида Асосий қонунда ўлим жазосини таъқиқлаш меъёрларини янада мустаҳкамлашга  алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Акмал Саидов ўз нутқида  «Яшаш ҳуқуқи — ҳар бир инсоннинг табиий ҳуқуқи бўлиб, унга бу ҳуқуқни давлат эмас, балки Яратганнинг ўзи ато этган», дея Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сўзларидан иқтибос келтирди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон бутун дунё қонунчилигидан ўлим жазосининг эволюцион тарзда бекор қилинишини доимо қўллаб-қувватлаб келган.

Тадбир иштирокчилари Марказий Осиёни ўлим жазосидан холи минтақага айлантириш ташаббусини биргаликда илгари суриш бўйича келишувга эришдилар.

Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси 27 февраль – 4 март кунлари Женева шаҳрида (Швейцария) БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг (ИҲК) 52-сессияси Юқори даражадаги сегменти ишида иштирок этди.

Kun.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech