Янги маърифий ташаббусларнинг рўёби

Жорий йилнинг 3-7 июль кунлари “Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” мавзусидаги халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги, “Ўзбекистон маданий мероси – Янги ренессанс асоси” маданий тадбирлар ҳафталигини ўтказилади. Пойтахтимизда мазкур ҳафталикларнинг тантанали очилиши бўлиб ўтди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбир  “Ўзбекфильм” киноконцерни Давлат унитар корхонаси  ҳудудидаги “Event hall” биносининг очилиш маросими билан уйғун тарзда ўтказилди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг  биринчи ўринбосари Акмал Саидов, маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков ва бошқалар Ўзбекистонни жаҳонга татитадиган энг устувор жиҳат унинг моддий-маданий, маънавий мероси эканини таъкидладилар.

Янгиланиб бораётган Ўзбекистонимизда бой маданий меросимизни ўрганиш, уларнинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш борасида мутлақо янгича ёндашув асосида иш олиб борилмоқда .

"Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” мавзусидаги

халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги, “Ўзбекистон маданий мероси – Янги ренессанс асоси” маданий тадбирлар ҳафталиги миллий меросимизни тадқиқ этиш, бу борада хорижлик ва юртимиз олимларининг ўзаро мулоқоти учун кенг имкониятлар яратиш, келгусидаги амалий режаларни белгилаб олишдек мақсадларни кўзлайди. Унда жаҳоннинг кўплаб давлатларидан вакиллар иштироки кутилмоқда.

 "Ўзбекфильм” киноконцерни Давлат унитар корхонаси  ҳудудидаги “Event hall” биноси ижодкор зиёлилар, олимларнинг ўзаро фикр алмашиши, мулоқот қилиши, турли маърифий лойиҳалар тақдимоти учун ўзига хос платформа вазифасини ўтайди.

Маърифий ҳафталиклар доирасида маданий меросимизни ўрганиш юзасидан музейлар, санъат масканларида учрашувлар, тақдимотлар, анжуманлар, фильмлар намойиши ва  муҳокамалари ўтказилиши ркжалаштирилган.

Маърифий ҳафталиклар олимлар, тадқиқотчилар, музейшунослар, қадимшунослар, умуман, ижод аҳли учун ғоят қизиқарли ва фойдали, унумли бўлиши кутилмоқда.

Қисқа фурсатда қуриб фойдаланишга топширилган   “Event hall” биноси бир неча муҳташам заллар, мулоқот павильонларидан иборат бўлиб, улар энг замонавий талаб ва андозалар даражасида барпо этилгани билан диққатга сазовордир.

Маърифий ҳафталиклар театрлаштирилган мусиқий дастурлар намойиши билан бошланди.

Назокат Усмонова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech