Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан жорий йил бошида Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича қисқа муддатли ўқув курсларини ўтказиш жадвали, ўқув курслари дастури ва модули ишлаб чиқилди.
Бунда Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 7 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори дастуриламал бўлди. Мазкур қарор ва унга илова қилинган “Йўл харитаси” ижроси доирасида Миллий марказ, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги томонидан 2023 йил давомида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида ўқув курсларини ўтказиш режаси ҳам тасдиқланди.
Режага мувофиқ, онлайн ва офлайн шаклдаги ўқув курслари Фарғона вилоятида – 22-23 февраль, Бухоро вилоятида – 29-30 март, Тошкент вилоятида – 18-19 апрель, Сурхондарё вилоятида – 17-18 май, Андижон вилоятида – 20-21 июнь, Наманган вилоятида – 22-23 июнь кунлари ўтказилди. Жорий йилнинг дастлабки олти ойида мамлакатимиз ҳудудларининг ярмини қамраб олган ана шу машғулотларга миллий ва халқаро экспертлар жалб қилинди.
Ҳар бир ҳудуддан 50 нафар – ички ишлар тизими ва 10 нафар – прокуратура тизими ходими тингловчи сифатида иштирок этди. Натижада терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасаларининг жами 350 нафар ходими қийноққа солишга қарши курашиш борасидаги халқаро амалиёт ва миллий тажриба бўйича ўз билимларини ошириши таъминланди.
Ўқув курсларининг биринчи куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари Яҳёжон Абдулҳақовнинг видеомурожаати билан бошланди. Бунда Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти атрофлича тушунтирилди.
Шу билан бирга, ўқув курслари дастурига мувофиқ:
- “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар, асосий тамойиллар”, “Қийноққа қарши конвенцияга Факультатив протокол”, “Қийноқларнинг олдини олишга оид миллий превентив механизмлар: халқаро тажриба ва миллий амалиёт” мавзуларида – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор Мирзатилло Тиллабаев;
- “Қийноққа солиш билан боғлиқ қилмишлар содир этилишининг олдини олишга оид қонунчиликнинг ривожланиши” мавзусида – Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси бошлиғи ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор Музаффар Мамасидиқов;
- “Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ, шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши конвенциянинг мазмун-моҳияти” мавзусида – Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори, юридик фанлар доктори Муроджон Турғунов;
- “Ушлаб туриш, қамоққа олишга оид халқаро стандартлар, маҳбуслар ҳуқуқларини таъминлаш кафолатлари” мавзусида – Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти “Юридик фанлар” кафедраси ўқитувчиси Жаҳонгир Якубов;
- “Камситмаслик, айбсизлик презумпцияси, қамоққа олиш, хабар беришга оид халқаро стандартлар ва Ўзбекистон Республикаси жиноий-ҳуқуқий тизимида мазкур стандартларнинг қўлланиши”, “Вояга етмаганларга оид халқаро ва миллий стандартлар” мавзуларида – Ички ишлар вазирлиги Академияси “Ташкилий-штат фаолияти” кафедраси бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор Алимжан Матчанов;
- “Қийноққа солиш жинояти учун жавобгарлик масалалари” мавзусида – Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти “Юридик фанлар” кафедраси мудири, юридик фанлар номзоди, доцент Меҳмонали Сувонқулов,
- “Нельсон Мандела қоидаларининг мазмун-моҳияти” мавзусида – Ички ишлар вазирлиги Академияси “Жазони ижро этиш фаолияти” кафедраси доценти, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Қувонч Қодиров;
- “Мигрантлар ва апатридларга нисбатан қийноққа қарши курашишнинг хориж тажрибаси” мавзусида – Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси Илмий маркази бошлиғи, юридик фанлар доктори, доцент Луқмонжон Исоқов;
- “Хотин-қизларга оид халқаро ва миллий стандартлар” мавзусида – Миллий марказ бош мутахассиси Д.Рашидованинг тақдимот-маърузалари тингланди.
Шунингдек, Андижон ва Наманган вилоятларида ташкил этилган ўқув курсларида халқаро эксперт Азамат Шамбилов онлайн иштирок этди. У тингловчилар ҳузурида “Янгиланган Нельсон Мандела қоидалари” мавзусида маъруза қилди.
Ўқув курслари давомида Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ, шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши конвенция мазмун-моҳияти талқини борасида Давлат ва ҳуқуқ институти томонидан тайёрланган ҳамда Ички ишлар вазирлиги Академиясининг инсон ҳуқуқлари тарихига бағишланган видеороликлари намойиш этилди.
Бундан ташқари, Миллий марказ бош мутахассиси Д.Рашидова “Қийноқларнинг олдини олишга оид миллий превентив механизмлар” мавзусида интерфаол амалий машғулот ўтказди.
Маърузачилар томонидан иштирокчиларга ўқув курслари дастури ва модули асосида тайёрланган тақдимотлар, маърузалар ва тарқатма материаллар тақдим этилди.
Ўқув курслари якунида тест синовлари ўтказилди. Синовларни муваффақиятли топширган тингловчиларга Миллий марказнинг сертификати топширилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 04.07.2023
- Кўришлар: 3643
- Чоп этиш