МАЪЛУМОТ

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 февралдаги ПҚ-46-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг ижроси юзасидан

МАЪЛУМОТ

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 февралдаги ПҚ-46-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ижроси юзасидан 2023 йил 31 июль ҳолатидаги мониторинг натижаларига кўра қуйидагилар маълум қилинади:

“Йўл харитаси” 7 та йўналиш, 30 та банддан иборат бўлиб, шундан 2 та банди бажарилган,  28 та банд бажарилмоқда. Жумладан:

Ёшларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги хабардорлигини ошириш йўналишида 1 та (1-банд), Давлат органлари ходимларининг инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик соҳасидаги билим ва кўникмаларини ривожлантириш йўналишида 1 та (9-банд) банд муддатида бажарилган. Хусусан:

  1. Жорий йилнинг 15 февраль куни Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий комиссия томонидан “Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги”ни ўтказиш бўйича дастур тасдиқланди. Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ бир қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда 20-28 февраль кунлари “Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги”ни ташкил этди.

20 февраль куни Миллий марказда Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” мавзусида видеоконференция ташкил этилиб, тадбирни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов очиб берди. Видеоконференцияда 2 минг нафардан ортиқ ёшлар иштирок этди.

Тадбир доирасида 2022 йил декабрида якунланган “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тадқиқотлар” танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди ҳамда “Тонг юлдузи”, “Класс” газеталари таҳририятлари билан ҳамкорликда “Инсон ҳуқуқлари болалар нигоҳида” Республика танловига старт берилди. “Инсон ҳуқуқлари болалар нигоҳида” Республика танлови 2023 йил 10 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллиги  ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31 йиллиги муносабати Миллий марказ, “Тонг юлдузи” ва “”Класс!” газеталари таҳририятлари билан ҳамкорликда болалар ва ўсмирлар ўртасида ўтказилади. Танлов 4 та номинация: “Энг яхши мақола”, “Энг яхши шеър”,“Энг яхши расм”, “Энг яхши видеоролик” номинациялари бўйича 2 босқичда ташкил этилди. Биринчи босқич 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни арафасида якунланди.

Ёшлар ишлари агентлиги ташаббуси билан республика бўйлаб ёшлар ўртасида #Инсон_ҳуқуқлари_олий_қадрият хештеги ташкил этилди ва ҳудудлардаги расмий каналларда тарғибот сифатида ёритиб борилди, 4 мингга яқин ёшлар иштирок этди.

Мамлакатимизнинг туман, шаҳар ва маҳаллаларида “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” мавзусида “Прокурор ва ёшлар”, “Судья ва ёшлар”, “Адлия раҳбари ва ёшлар”, “ИИБ раҳбари ва ёшлар”, “ДХХ раҳбари ва ёшлар” каби турли учрашувлар ташкил этилди. Республика бўйича ташкил этилган учрашувларда 8 мингдан ортиқ ёшлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетида “Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари” мавзусида “Ахборот соати” ва “Маънавият соати” ташкил этилиб, офицерлар, сержантлар ва курсантлар, талабалар, муддатли ҳарбий хизматчилар, жами 500 нафардан ортиқ университет шахсий таркиби жалб қилинди. Шунингдек, ушбу машғулотларда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Марказий девони, ўқув марказлари ва ҳарбий қисмлари ва бошқа бўлинмаларининг жами 400 нафардан ортиқ ҳарбий хизматчилари ҳам онлайн тарзда иштирок этди.

23 февраль куни Тошкент шаҳрида “Парламент ва фуқаролик жамияти институтларининг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва аҳолининг хабардорлигини оширишдаги ўрни” мавзусида Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламент ва фуқаролик жамияти институтларининг ўрнини ва аҳолининг бу борадаги хабардорлигини ошириш, жамиятда инсон ҳуқуқлари ва барқарор ривожланиш маданиятини шакллантириш масалаларига бағишланган халқаро давра суҳбати онлайн ва офлайн шаклда бўлиб ўтди.

23 февраль куни Самарқанд шаҳридаги “Silk Road Samarkand” мажмуасида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) институтига асос солинганлигининг 28 йиллиги муносабати билан “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг ишончли ҳимояси борасида ўзаро ҳамкорлик” мавзусида халқаро конференция ўтказилди.

27 февраль куни Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази томонидан аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишга қаратилган ҳуқуқий тест саволларини ўз ичига олган "Инсон ҳуқуқлари билимдони" викторинаси ўтказилди.

  1. Миллий таълим дастури ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг 8-банди ижросини таъминлаш мақсадида Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича қисқа муддатли ўқув курсларини ўтказиш графиги, ўқув курслари дастури ва модули ишлаб чиқилди. Миллий марказ, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги томонидан 2023 йил 1 март куни 2023 йил давомида ўқув курсларини ўтказиш режаси тасдиқланди.

Режага мувофиқ жорий йилда Фарғона (22-23 февраль), Бухоро (29-30 март), Тошкент (18-19 апрель), Сурхондарё (17-18 май),  Андижон (20-21 июнь), Наманган (22-23 июнь), Жиззах (25-26 июль), Сирдарё (27-28 июль) вилоятларида тасдиқланган режа график асосида, миллий ва халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба”  мавзусида онлайн ва офлайн форматда ўқув курслари ташкил этилди. Ўқув курсларида ҳар бир ҳудуддан ички ишлар (50 нафар) ва прокуратура (10 нафар) тизимидаги терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасаларининг жами 470 нафар ходимлари иштирок этди.

Ҳар бир ҳудудда ўқув курслари тасдиқланган дастур ҳамда экспертлар томонидан тайёрланган ва тасдиқланган тақдимотлар, кейслар, тарқатма материаллар  асосида ташкил этилди.  Ўқув курси якунида тест синовлари ўтказилиб, тест синовларини муваффақиятли топширган тинловчиларга Миллий марказнинг сертификати тақдим этилди. Мазкур ўқув курсида амалга оширилган ишлар, дарс жараёнлари ва бошқа ташкилий тадбирлар тафсилотлари оммавий ахборот воситалари орқали ёритилди. Ўқув курси белгиланган жадвал асосида мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам давом эттирилиши режалаштирилган.

Шунингдек, 2023 йил 19-21 июнь кунлари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида, 23 июнь куни Бухоро шаҳрида “Нельсон Мандела қоидаларининг асосий тамойиллари ва жазони ижро этиш муассасаларида қийноқлар, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини  олдини олиш” мавзусидаги тренинглар ўтказилди. Ўқув машғулотларида иштирок этган Тошкент шаҳри ва пойтахт, Бухоро, Навоий, Самарқанд вилоятларидаги жазони ижро этиш муассасалари ходимларидан  иборат тингловчиларга сертификатлар топширилди.

  1. “Йўл харитаси”нинг 9-банди ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ахборот-кутубхона марказларида “Конституция ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги адабиётлар” йўналиши ташкил этилди ҳамда Миллий марказ томонидан Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туман ва шаҳарлардаги ахборот-кутубхона марказларига жами 1600 нусхадаги инсон ҳуқуқлари соҳасидаги адабиётлар тақдим этилди.
  2. “Йўл харитаси”нинг 10-банди ижросини таъминлаш мақсадида Миллий марказ томонидан инсон ҳуқуқлари бўйича қуйидаги халқаро шартномалар тўпламлар чоп этилди:

1) Xotin-qizlar huquqlarini himoya qilishga oid xalqaro shartnomalar va O‘zbekiston Respublikasining qonun hujjatlari to‘plami / Mas’ul muharrir: А.Х.Saidov. – T.: Inson huquqlari bo‘yicha O‘zbekiston Respublikasi Milliy markazi,  2023.– 204 b.

2) Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси. – Т.: “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази, 2023. – 32 б.

3) Inson huquqlari umumjahon dеklaratsiyasi. – T.: “Adolat” milliy huquqiy axborot markazi, 2023. – 32 b.

4) Инсан ҳуқықлары дyня жузлик декларациясы. – Ташкент. “Адолат” миллий ҳуқықый малилеме орайы, 2023. – 32 б.

5) Insan huqıqları dúnya júzlik deklaraciyası. – Tashkent. «Adolat» milliy huqıqıy málimleme orayı, 2023. – 32 b.

6) Всеобщая декларация прав человека. – Ташкент: Национальный информационный центр «Адолат», 2023. – 32 с.

7) Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид халқаро шартномалар ва Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари тўплами / Масъул муҳаррир А.Х. Саидов. – Т.: Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази,  2023 й. 550-б.

8) Birlаshgаn Millаtlаr Tаshkilotining inson huquqlаri boʼyichа xаlqаro shаrtnomаlаri to‘plami / Mas’ul muharrir: А.Х. Saidov. – T.: Inson huquqlari bo‘yicha O‘zbekiston Respublikasi Milliy markazi,  2023. – 195-b.

  1. “Йўл харитаси”нинг 21-банди ижросини таъминлаш мақсадида Парламент комиссиясининг 2023 йил 11 майдаги 29-сонли қарорига мувофиқ Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди “Аҳолининг ҳуқуқий онги ва мулоқот маданиятини юксалтириш ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини ошириш” мавзусида Давлат гранти ажратиш учун 3-танловини эълон қилди.
  2. “Йўл харитаси”нинг 28-банди ижросини таъминлаш мақсадида инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим олиш бўйича ecourse.nhrc.uz электрон платформаси ишга туширилди.
Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech