Ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш: халқаро, минтақавий ва миллий механизмлар

Форумнинг иккинчи ялпи мажлисида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг халқаро, минтақавий ва миллий воситалари ҳамда механизмлари кўриб чиқилди. Ушбу сессияга БМТТДнинг Ўзбекистондаги Доимий вакили ўринбосари Анас Файяд ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раиси ўринбосари Абдулазиз Мўминов модераторлик қилди.

Шу мавзу бўйича БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Болалар ва ёшлар ҳуқуқлари бўйича бўлими мувофиқлаштирувчиси Имма Гуеррас Делгадо (Женева), ЕХҲТ амалдаги раисининг Ёшлар масалалари бўйича махсус вакили Мемет Жаку, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича парламент комиссияси раиси Муҳаммаджон Валиев, Қирғизистондаги “ПФ ИДЕА” Марказий Осиё ёшлар ташкилоти вакили Айзат Русланова ва тожикистонлик ёшлар ҳуқуқлари фаоли Зилола Имомованинг маърузалари тингланди.

Иштирокчилар ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш бўйича амалдаги халқаро ҳамда минтақавий ҳужжатлар ва механизмларнинг аҳамиятига эътибор қаратдилар. Шунингдек, халқаро ва минтақавий ҳужжатларда ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг белгиланган стандартлари атрофлича муҳокама қилинди.

Маърузалар қизғин муҳокама ва мунозараларга уланиб кетди. Иштирокчиларнинг фикрича, ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини ривожлантириш соҳасида қабул қилинган бир қатор илғор восита ва стандартлар дунё миқёсида муҳим ўринларни эгаллаб турибди. Бу восита ва стандартларнинг аксарияти БМТ доирасида қабул қилинган бўлиб, кейинги 30 йилда ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ҳужжатлар сони 10 тадан ошган.

Форум иштирокчилари томонидан ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш учун халқаро ҳамда минтақавий восита ва механизмларнинг қўлланилиши соҳаси холис таҳлилдан ўтказилди. Ёшлар ҳуқуқлари ва имкониятларини ҳимоя қилиш механизмларининг самарадорлигини ошириш бўйича ўзаро фикр алмашилди.

Шунингдек, ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш муҳимлиги борасида жамиятнинг хабардорлиги ва тушунчасини ошириш ҳамда ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган сиёсат ва қонунчиликни тарғиб этиш ҳамда қўллаб-қувватлаш зарурлиги таъкидланди. Ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг энг мақбул амалиёти ва самарадор механизмларига тааллуқли илғор тажрибаларни ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди.

Мраказий осиё ёшлар форуми Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Вена бутунжаҳон конференциясининг 30 йиллигига бағишлаб ўтказилмоқда.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech