Халқаро форум якунида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича Марказий Осиё декларацияси лойиҳаси муҳокама қилинди

Халқаро форумининг ёпилиш маросимида ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш бўйича халқаро, минтақавий ва миллий тажриба ва ёндашувлар муҳокама қилинди. Ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш бўйича амалдаги халқаро ва минтақавий ҳужжатлар ва механизмларни қўллаш кўлами таҳлил этилди.

Яқинда Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Aссамблеясининг 78-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти БМТ ҳузурида Марказий Осиё ёшларини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этишни таклиф қилди. Ушбу ташаббус Марказий Осиё минтақасида ёшлар ҳуқуқларини таъминлаш ва амалга оширишдан энг юқори даражада манфаатдорликнинг яққол намунасидир.

Марказий Осиёда аҳолининг қарийб ярмини ёшлар ташкил этишини ҳисобга олган ҳолда, ёш авлод, унинг салоҳиятини рўёбга чиқариш билан боғлиқ масалалар алоҳида аҳамият касб этади. Тошкент шаҳрида ташкил этилган жаҳон анжуманида Марказий Осиё давлатлари ёшларининг иштирок этиши ҳам ушбу форумнинг асосий хусусиятларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Президенти 2023 йил 14 сентябрь куни Душанбе шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи Маслаҳат учрашувида ҳам Марказий Осиё давлатларининг ёшларга оид сиёсатига алоҳида эътибор қаратди. Давлатимиз раҳбари ёшларнинг билим ва малакасини ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, уларни етук малакали кадрлар қилиб тайёрлаш ва бандлигини таъминлаш мақсадида шу йўналишдаги халқаро ташкилотлар иштирокида Марказий Осиё ёшлари имкониятларини кенгайтириш ва уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш марказини ташкил этишни таклиф этди.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Душанбеда бўлиб ўтган Маслаҳат учрашуви якунида минтақа ёшлари манфаатларини таъминлаш йўлида яна бир муҳим амалий қадам қўйилди. Яъни, Қозоғистон Республикаси, Қирғиз Республикаси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида ёшларга оид сиёсатнинг умумий йўналишлари тўғрисида битим имзоланди.

Форум иштирокчилари томонидан ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари ва имкониятлари самарадорлигини ошириш йўллари таклиф этилди. Ёшлар ўз ҳуқуқларини тўлиқ рўёбга чиқаришида дуч келадиган асосий муаммолар ёритилди.

Барча давлатлар сиёсатига ёшлар ҳуқуқларини интеграция қилишнинг ҳуқуқий, маъмурий ва сиёсий асосларни такомиллаштириш йўллари ва воситаларини ишлаб чиқиш бўйича аниқ тавсиялар илгари сурилди. Бундай амалий ёндашув БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишга салмоқли ҳисса қўшиш имконини бериши таъкидланди.

Шу асосда халқаро форумнинг якуний ҳужжати – Ёшлар ҳуқуқлари бўйича Марказий Осиё декларацияси лойиҳаси ишлаб чиқилди ва муҳокама қилинди. Форумнинг асосий натижалари ва амалий тавсиялари ўз мужассамини топган ушбу муҳим ҳужжат истиқболда ёшлар ҳуқуқлари соҳасидаги янги саъй-ҳаракатлар ва илғор ташаббуслар учун мустаҳкам тагзамин вазифасини ўташига ишонч билдирилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

UzDaily.uz

«Дунё» АА

Kun.uz

Nova24UZ

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech