Марказий Осиё ёшлар форуми иштирокчилари: Ўзбекистон бугун ўзининг ёш мутахассислари билан ҳар қачонгидан ҳам кучли

ТОШКЕНТ, 23 октябрь. /«Дунё» АА/. Ёшларни ўз ҳуқуқ ва манфаатлари билан боғлиқ қарорлар қабул қилиш ва режалаштириш жараёнларига жалб этиш жуда муҳим, деди «Дунё» АА мухбирларига бугун Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё ёшлар форуми иштирокчилари.

Тадбир иштирокчилари таъкидлаганидек, замонавий инсонлар учун тенг имкониятларни таъминлаш, салоҳиятини ошириш ва турмуш тарзини яхшилашга қаратилган дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда ишлаб чиқишни рағбатлантириш зарур.

 

ЮНИCЕФнинг Ўзбекистондаги вакили вазифасини бажарувчи Жофри Ижумба:

- Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этади. Бугун Ўзбекистоннинг ёш мутахассислари мамлакат иқтисодиёти, ижтимоий ҳаёти, сиёсий кун тартибида амалга оширилаётган барча ўзгаришларда фаол иштирок этмоқда. Яна бир гап, Ўзбекистонда инсон салоҳиятини ривожлантиришга катта эътибор қаратиляпти. Ушбу тадбир доирасида мамлакат тараққиёти йўлидаги мақсадларингизга эришиш учун ёшларни бир катта занжирга бирлаштириш масалаларини муҳокама қилдик. Ишончим комилки, Ўзбекистон бугун ўзининг малакали ва юқори салоҳиятли ёш мутахассислари билан ҳар қачонгидан ҳам кучли.

 

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси (Женева) ёшлар ҳуқуқлари бўйича мутахассиси Дарья Кошелева:

– Ёшлар ҳуқуқларини таъминлаш борасида турли давлатлар, жумладан, Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилаётганимиздан ва бугун тадбирда иштирок этганимдан ҳамда бунга ўз ҳиссамни қўшганимдан жуда хурсандман. Ўзбекистонда ёшлар ҳуқуқларини, жумладан, халқаро миқёсда тарғиб қилиш борасида катта саъй-ҳаракатлар қилинаётганини кўриб турибмиз. Биз Ўзбекистоннинг бу борадаги саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз ва ишончим комилки, ушбу форум натижалари нафақат ушбу мамлакатда, балки бутун дунёда ёшлар ҳуқуқларини янада тарғиб қилишга хизмат қилади.

 

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) амалдаги раисининг ёшлар масалалари бўйича махсус вакили Мемет Жаку:

– Бугунги тадбир Ўзбекистонда ҳам, бутун дунёда ҳам ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш нуқтаи назаридан жуда долзарб. Ёшлар ўртасидаги мунозараларни рағбатлантириш ЕХҲТнинг ёшларга тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш бўйича асосий кўникмаларни ўрганишга ёрдам бериш бўйича саъй-ҳаракатларидан биридир. Тадбир давомида ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш бўйича мавжуд халқаро ҳамда минтақавий ҳужжатлар ва механизмларни муҳокама қилдик. Халқаро ва минтақавий ҳужжатларда ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг белгиланган стандартлари ҳам атрофлича кўриб чиқилди.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech