Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони билан “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони таъсис этилган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 3 ноябрдаги қарори билан “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони тўғрисидаги низом, “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони ва гувоҳномасининг тавсифлари тасдиқланган.
Мазкур кўкрак нишонини таъсис этишдан мақсад инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишда катта ҳисса қўшган фуқаролар ва ташкилотларни тақдирлаш, бу фаолиятни амалга оширишда ўрнак бўлаётганлар намунасини, уларнинг тажрибасини оммалаштиришдан иборат. Бу билан давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва фуқароларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятини кучайтириш назарда тутилган.
Кўкрак нишони билан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги хизмати, инсон ҳуқуқларини тарғиб қилишдаги фаоллиги, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим, ёшлар ўртасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш анъаналарини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларни ривожлантириш ва бошқаришдаги салмоқли ютуқлари, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги самарали илмий фаолияти учун Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тақдирланади.
Кўкрак нишони билан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолият олиб бораётган ташкилотлар ҳам тақдирланиши мумкин.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигини кенг нишонлаш доирасида жорий йил 4 декабрь куни 2023 йилда “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони билан тақдирлашга лойиқ деб топилганлар номзодларга мазкур кўкрак нишонларини топшириш маросими тантанали тарзда ўтказилиши режалаштирилмоқда.
- Қўшилди: 30.11.2023
- Кўришлар: 2607
- Чоп этиш