Ўзбекистон — Хитой: парламентлараро ҳамкорлик янада мустаҳкамланади

2023 йил 19 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоиловнинг Хитой Халқ Республикаси Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси Раиси ўринбосари Чжан Цинвей бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда делегация аъзоларига “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифалар, унинг доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, янги таҳрирдаги Конституция  нормаларини рўёбга чиқариш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳамда Қонунчилик палатаси фаолиятининг асосий йўналишлари ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.

Ўз навбатида, Чжан Цинвей сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган мувозанатли, очиқ ва конструктив ташқи сиёсат халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланаётганлигини алоҳида таъкидлаб, икки томонлама алоқаларни ривожлантиришда муҳим омил бўлган парламентлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, шу йўналишдаги мулоқотларни кўпайтириш ҳар томонлама фойдали эканини қайд этди.

Шунингдек, бугунги геосиёсий ва геостратегик мураккаб вазият минтақавий хавфсизликни таъминлаш, мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашни тақозо этаётгани, бу йўлда икки мамлакатнинг узвий  ҳамкорлиги устувор аҳамиятга эга экани алоҳида таъкидланди.

Чжан Цинвейнинг фикрича, икки давлат тараққиётининг муҳим босқичида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, энергетика, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ислоҳотларни жадал ривожлантиришга қаратилган ишлар муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистон минтақадаги иқтисодиёти йирик мамлакатлардан бири эканлиги, буни ялпи ички маҳсулотнинг ўсишида ҳам яққол намоён бўлаётгани учрашувда алоҳида эътироф этилди.

Конструктив руҳда ўтган учрашувда Ўзбекистон — Хитой ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ва уни янги мазмун билан бойитиш, норма ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқот чоғида шунингдек, мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорлик, транспорт-коммуникация, туризм ва бошқа соҳалардаги алоқалар кўламини янда кенгайтириш масалалари хусусида ҳам сўз юритилди.

Томонлар парламентлараро алоқаларни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга келишиб олдилар.

 Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech