Янги Ўзбекистон – хорижликлар нигоҳида

 Европарламентнинг Марказий Осиё давлатлари билан алоқалар бўйича делегацияси раиси Томаш Здеховский «Дунё» АА учун интервьюсида Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган «Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: барқарор ривожланиш ва фаровонлик йўлида минтақавий бирдамликни мустаҳкамлаш» резолюцияси ҳақидаги фикрларини билдирди:

– Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилингани «Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: барқарор ривожланиш ва фаровонлик йўлида минтақавий бирдамликни мустаҳкамлаш» резолюцияси минтақа олдида турган долзарб экологик муаммоларни ҳал этишда муҳим қадам бўлди.

Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда иқлим бўйича кун тартибини амалга оширишдаги етакчилиги ва барқарор ривожланишга содиқлигини юксак қадрлайман.

Резолюцияда Ўзбекистоннинг   «Марказий Осиё учун «яшил» кун тартиби» ва Халқаро иқлим форумини 2024 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиш ташаббуслари эътироф этилгани мамлакат иқлим ўзгаришига қарши курашга содиқ эканидан далолатдир.

Ўзбекистон учун атроф-муҳит ва минтақа аҳолиси ҳаётига ҳалокатли таъсир кўрсатган Орол денгизининг қуриши оқибатларини юмшатишга алоҳида эътибор қаратишни муҳим деб биламан. БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст жамғармаси ташкил этилгани ушбу долзарб муаммони ҳал этиш йўлидаги ғоят муҳим қадамдир.

Резолюциядаги халқаро ва минтақавий ҳамкорликка даъватлар Марказий Осиё олдида турган мураккаб экологик муаммоларни ҳал қилишда муҳим аҳамиятга эга.

Мен барча мамлакатлар ва манфаатдор томонларни резолюциянинг иқлим ва экологик таҳдидларга самарали қарши курашиш мақсадида барқарор қишлоқ хўжалиги, боғдорчилик, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, энергия самарадорлиги, чиқиндиларни қайта ишлаш, барқарор туризмни ривожлантириш, «ақлли шаҳарлар» ва барқарор транспортни яратиш бўйича аниқ вазифаларни ўз ичига олган тавсияларни амалга ошириш учун биргаликда ишлашга чақираман.

Ушбу саъй-ҳаракатлар Марказий Осиёда содир бўлган иқлим ўзгаришларига шошилинч чоралар кўриш зарурлигидан далолат беради. Биз минтақада қишлоқ хўжалиги ва саноатнинг барқарор ривожланишини таъминлаган ҳолда бир вақтлар дунёдаги энг йирик кўл бўлган - Орол денгизини тиклаш йўлини излашимиз керак.

«Яшил» ва барқарор Марказий Осиёга йўл аниқ. Биз Ўзбекистон раҳбарияти кўмагида ва халқаро ҳамкорлик орқали ушбу мақсадга эриша оламиз.

«Дунё» АА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech