5 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов Қатар давлати Ташқи ишлар вазирлиги Инсон ҳуқуқлари бўйича департаменти директори доктор Турки Абдулла ал-Маҳмуд билан учрашди.
Мулоқот аввалида Турки Абдулла ал-Маҳмуд Ўзбекистон делегациясига ташриф учун чуқур миннатдорчилик билдирди. Сўнги йилларда икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва халқларимизнинг қўллаб-қувватлаши билан ўзаро дўстлик ҳамда ҳамкорлигимиз тарихида мутлақо янги саҳифа очилганлиги мамнуният билан эътироф этилди.
Кейинги уч йилда икки давлат раҳбарлари 6 маротаба учрашганлиги мамлакатларимиз ўртасида олий даражадаги мулоқот янада жадаллашганининг ёрқин белгиси эканига эътибор қаратилди. Шунингдек, 2023 йил 19 декабрь куни Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний Аъло Ҳазратларининг Тошкентга ташрифи доирасида “Коррупцияга қарши кураш соҳасида улкан ютуқлари учун” мукофоти билан тақдирлаш маросими юксак даражада ўтказилгани Қатар жамоатчилигида катта таассурот қолдиргани таъкидланди.
Ўтган йили Тошкент ва Доҳа шаҳарларида икки давлат элчихоналари очилди, мамлакатларимиз ўртасида визасиз режим жорий этилди. Буларнинг барчаси, шубҳасиз, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа кўплаб соҳаларда ўзаро ҳамкорликнинг жадал ривожланишига туртки бўлганлиги суҳбат асносида алоҳида қайд этилди.
Шу билан бирга, Турки Абдулла ал-Маҳмуд 2024 йил октябрь ойида БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашида Қатар Давлатининг 4-чи Универсал даврий ҳисоботи кўриб чиқилиши ҳақида мухтасар тўхталди. Жорий йилда Ўзбекистонда ўтказиладиган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд Форумига таклиф этилгани учун Ўзбекистон томонига чуқур миннатдорчилик изҳор этди.
Томонлар самимий мулоқот давомида инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишиб олдилар.
Учрашув якунида Қатар давлатининг оқил раҳбарларидан бўлган Амир Шайх Тамим Аъло Ҳазратлари таъбири билан айтилган “Қатарда биз фақат кўприклар эмас, балки алоқаларни барпо этамиз” ибораси яна бир бор тилга олинди. Ушбу учрашув доирасида эришилган келишувлар икки давлат идоралари ўртасида яқин дўстлик ришталарига тамал тоши қўйилганидан далолат бериши ҳам айни шу пурҳикмат сўзларнинг амалий исботи эканлиги мамнуният билан таъкидланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 06.02.2024
- Кўришлар: 2010
- Чоп этиш