13-14 май кунлари Самарқанд шаҳрида “Хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш масалаларига минтақавий ёндашув” мавзусига бағишланган Осиё аёллар форуми бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фаол кўмаги асосида ташкил этилган мазкур форум замонавий жамиятда ва халқаро майдонда хотин-қизларнинг ролини мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан беқиёс аҳамиятга эгадир.
Форум етакчи экспертлар, давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, академик ва бизнес ҳамжамиятлар вакилларининг турли соҳаларда хотин-қизларнинг ўрни ва мавқеини ошириш масалаларини муҳокама қилишлари учун қулай мулоқот майдонига айланди. Бу ерда аёллар ҳуқуқлари таъминланишини янада рағбатлантириш стратегиялари таҳлил этилди ва айни масалалар бўйича илғор тажрибалар ўрганилди.
Форум доирасида БМТнинг Аёлларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси ҳамда Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси қоидаларини амалга ошириш билан боғлиқ халқаро, минтақавий ва миллий тажриба муҳокама қилинди. Аёлларга сифатли таълим, соғлиқни сақлаш, муносиб меҳнат, рақамли технологиялар ва инновациялардан фойдаланиш имкониятини таъминлаш бўйича илғор тажрибалар юзасидан атрофлича фикрлашилди.
Шунингдек, хотин-қизларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини ошириш бўйича янги ташаббуслар илгари сурилди. БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ миллий ва минтақавий миқёсда аёллар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳамда гендер тенгликни таъминлаш борасида эришилган ёрқин натижалар муносиб баҳоланди.
Маълумки, 2025 йилда Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформасининг 30 йиллиги бутун дунёда кенг нишонланади. Шу муносабат билан Самарқанд форумида гендер тенглик ва аёллар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича қўлга киритилган ютуқлар сарҳисоб этилгани ва бу йўлда учраган янги муаммолар аниқлаб олингани ҳамда уларни ҳал этиш ечимлари тавсия этилгани айни муддао бўлди.
Форумнинг ёндош сессиялари ишида хотин-қизларнинг иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ҳуқуқлари ҳамда имкониятларидан тортиб, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш муаммоларигача бўлган кенг кўламли мавзулар қамраб олинди.
Шу маънода, Самарқанд 2024 йилда мезбони бўлган Осиё аёллар форуми унинг иштирокчиларига минтақамиз ва бутун дунёда аёлларнинг аҳволини яхшилаш бўйича ўзаро тажриба алмашиш ва аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш учун ноёб имконият тақдим этди.
Форум ишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг ўринбосари Д.Муратова иштирок этди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 14.05.2024
- Кўришлар: 1925
- Чоп этиш