21 май куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида «Тонг юлдузи» ёритган олам» китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу китоб “Тонг юлдузи” (аввалги номи “Ленин учқуни”) газетаси ташкил топганининг 95 йиллиги муносабати билан нашр этилган.
Тадбирда Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Ғайрат Бозоров, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Фарход Боқиев, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори Абдусаид Кўчимов, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ вакиллари, шоирлар, адиблар, журналист ва педагоглар иштирок этди.
Анжуман аввалида иштирокчилар 1958 – 2001 йилларда “Тонг юлдузи” газетасида фотомухбир сифатида фаолият олиб борган Равил Албековнинг суратлар кўргазмасидан баҳраманд бўлдилар.
Юртимизнинг қарийб ярим асрлик тарихини акс эттирган бетакрор фотолавҳалар йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлаган фотосуратлар кўргазмаси китоб тақдимотига уланиб кетди.
Тақдимот тадбирида сўзга чиққанлар эътироф этганидек, китобда “Тонг юлдузи” газетасида ҳозирга қадар нашр этилган энг сара шеърлар, ҳикоялар ва публицистик мақолалар, шунингдек, газета мактабидан етишиб чиққан атоқли ёзувчи ва шоирларнинг ўқувчилик давридаги унутилмас ёдномалари жамланган. Сўзбошида газета бош муҳаррири Феруза Сойибжон қизи шундай ёзади: “Кўплаб таниқли адиблар, журналистлар, ижодкорлар билан суҳбатлашганимизда, уларнинг аксарияти “Тонг юлдузи” мактабини ўтаганини, илк ижод намуналари айнан шу нашрда эълон қилинганини фахрланиб сўзлашади. Бу эътирофлардан рағбатланиб “Тонг юлдузи”нинг олис ўтмишига, нурли, шарафли йўлига назар солдик. Қоғозга тўкилган марваридларни бирма-бир теришга ҳаракат қилдик”.
Китоб тўрт бўлимдан иборат. Биринчи бўлимда санъатимиз ва маданиятимизнинг ёрқин вакиллари “Тонг юлдузи” газетасида нашр этган асарлар, иккинчи бўлимда турли йилларда газета бош муҳаррири бўлган таниқли журналистларнинг мақолалари, учинчи бўлимда ёш ижодкорларнинг газетада эълон қилинган энг сара мақола, шеър ва ҳикоялари, тўртинчи бўлимда эса газетани қўллаб-қувватлаб ёзилган табрик ва миннатдорлик хатлари китобхонлар эътиборига ҳавола қилинган.
Тақдимот тадбири доирасида “Тонг юлдузи” газетаси билан ҳамкорлик қилиб келаётган ташкилотлар қаторида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази алоҳида эътироф этилди. Дарҳақиқат, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ болалар ва ўсмирларнинг инсон ҳуқуқларига оид билимларини ошириш, шу орқали уларда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш борасида, айниқса, сўнгги йилларда газета билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатди.
Жумладан, 2023 йилда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31 йиллиги муносабати билан “Инсон ҳуқуқлари – болалар нигоҳида” танлови ўзаро ҳамкорликда муваффақиятли ўтказилди. Икки босқичда ташкил этилган ушбу танловда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан жами мингдан ортиқ болалар ва ўсмирлар ижодий ишлари билан иштирок этгани унинг аҳоли орасида катта қизиқиш уйғотганидан далолат беради.
Ушбу танлов ҳар йили мунтазам ташкил этилиши режалаштирилгани ва жорий йилда ҳам ўтказилаётгани диққатга сазовор.
Шунингдек, инсон ҳуқуқларини тарғиб этиш борасидаги самарали фаолияти учун 2023 йилда “Тонг юлдузи” газетаси таҳририяти “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони билан мукофотланган.
Салкам бир асрдан бери мамлакатимиздаги болажонларнинг энг севимли нашрларидан бири бўлиб келаётган “Тонг юлдузи” газетасининг ютуқ ва муваффақиятлари бардавом бўлсин.
Азизбек Рамазонов,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”
журнали бош муҳаррирининг ўринбосари
- Қўшилди: 21.05.2024
- Кўришлар: 1666
- Чоп этиш