ОСТОНА, 4 июнь. /"Дунё" АА/. Қозоғистоннинг оммабоп "Инфозакон" электрон нашри "Ўзбекистон вакили тарихда биринчи марта Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзолигига сайланди" сарлавҳали мақолани тарқатди, деб хабар бермоқда "Дунё" AA мухбири.
Унда шу йил 29 май куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги штаб-квартирасида Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг 2025-2028 йиллар учун 9 нафар аъзосини сайлаш бўйича сайловлар бўлиб ўтгани маълум қилинган.
"Яширин овоз бериш натижаларига кўра, Ўзбекистондан номзод, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори, академик Акмал Саидов Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга аъзо мамлакатлардан энг кўп овоз олди. Ўзбекистон вакилининг ИҲҚга сайланиши тарихий воқеадир, чунки Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи марта БМТнинг ушбу асосий органига аъзо бўлди", – қайд этган электрон нашр.
Мақола якунида "Шубҳасиз, Ўзбекистоннинг ушбу нуфузли конвенция органига сайланиши мамлакатнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро тузилмалар билан конструктив ҳамкорлик қилиш орқали инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишга содиқлигини намойиш этиш, қарорлар қабул қилиш жараёнларида фаол иштирок этиш, шунингдек, бу борада илғор тажриба алмашиш имконини беради", – деб ёзган "Инфозакон".
- Қўшилди: 05.06.2024
- Кўришлар: 1562
- Чоп этиш