КУАЛА-ЛУМПУР, 4 июнь. /"Дунё" АА/. Малайзиянинг етакчи "OIC Today" журналида "Ўзбекистон вакили тарихда биринчи марта БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитасига сайланди" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" AA мухбири.
"Ўзбекистон тарихида биринчи марта мамлакат вакили 2025-2028 йиллар учун Инсон ҳуқуқлари қўмитасига аъзо этиб сайланди", – дейилади мақолада.
Таъкидланганидек, сайловлар БМТнинг Нью-Йоркдаги штаб-квартирасида Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 40-сессияси доирасида бўлиб ўтган.
"Сайловда Ўзбекистон билан бирга 16 та давлат – Бурунди, Грузия, Миср, Ҳиндистон, Испания, Камерун, Кот-дъИвуар, Литва, Марокаш, Парагвай, Корея Республикаси, Шимолий Македония, Того Хорватия, Эфиопия ва Жанубий Африка вакиллари 9 та ўрин учун кураш олиб боришди. Ўзбекистон вакилининг ИҲҚга сайланиши тарихий воқеадир, чунки у Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиб БМТнинг ушбу асосий органига аъзо бўлди", дея қайд этилган нашрда.
Мақола якунида "БМТ эътирофига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳнамолигида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш, оиладаги зўравонликка қарши курашиш, аёллар ва қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, гендер тенглигини таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий муносабатларни яхшилаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлари хусусан, аҳолининг заиф қатламлари аҳволи, шунингдек, БМТнинг инсон ҳуқуқлари кун тартибидаги барча масалалар бўйича очиқ мулоқотлар туфайли халқаро майдонда салмоқли ютуқларга эришилди", – деб ёзган "OIC Today".
- Қўшилди: 05.06.2024
- Кўришлар: 1358
- Чоп этиш