Ўзбекистонда «Экологик муаммолар: ўзгарувчан дунёда инсон ҳуқуқлари келажаги ва барқарор ечимлар топиш» мавзуида халқаро форум бўлиб ўтади.
2024 йил 13-14 июнь кунлари ўтказиладиган Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форуми доирасида офлайн ва онлайн тарзда учта ялпи мажлис ўтказилиши мўлжалланган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази матбуот хизматидан маълум қилишларича, Самарқанд форумининг асосий мақсади – иқлим ўзгаришларининг инсон ҳуқуқларига таъсири билан боғлиқ масалаларни кенг кўламда ва ахборотлар таҳлили негизида атрофлича муҳокама қилишдир.
Халқаро анжуман иштирокчилари ушбу соҳада зарур билимлар олиш билан бир қаторда, халқаро ҳамжамият доирасида ўзаро тажриба алмашиш ва энг мақбул амалиётлар билан танишиш имконига эга бўлади.
Форумда асосий эътибор иқлим ўзгаришларининг инсон ҳуқуқларига кўрсатадиган салбий таъсирини юмшатишга оид аниқ тавсия ва ечимлар тайёрлашга қаратилади. Бу борадаги мунозаралар Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва ўзгараётган иқлим шароитида ҳар бир инсоннинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун кўмаклашадиган самарадор стратегия ва ёндашувларни ишлаб чиқиш учун турли соҳа мутахассисларига қулай майдон бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.
Форумнинг миллий ташкилотчилари – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда «Тараққиёт стратегияси» марказидир.
Халқаро ҳамкорлардан бири – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг Ўзбекистондаги жамоаси ҳисобланади. Бу – БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий мувофиқлаштирувчиси офиси, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонасидир.
Шу билан бирга, ҳамкорлар орасида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси офиси, Фридрих Эберт ва Конрад Аденауэр номидаги жамғармаларнинг мамлакатимиздаги ваколатхоналари бор.
Форумда 200 нафар мутахассис қатнашиши режалаштирилган. Хусусан, миллий ва хорижий экспертлар, иқлим бўйича мутахассислар, давлат ташкилотларининг иқлим ўзгариши муаммолари билан шуғулланадиган масъуллари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, илмий тадқиқот марказлари, компаниялар, ишбилармон доиралар ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари нуфузли тадбирга таклиф этилган.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 07.06.2024
- Кўришлар: 1784
- Чоп этиш