Глобал иқлим ўзгаришининг ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқларга таъсири:  аҳоли заиф қатламлари дуч келаётган муаммолар талқинида

Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форумининг иккинчи ялпи мажлисида айни мавзу билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Ялпи мажлисга “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ва БМТТДнинг Ўзбекистондаги Доимий вакили в.б. Анас Файяд Қарман модераторлик қилди.

 Маърузачилар томонидан глобал иқлим ўзгаришининг ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқларга таъсири имкон қадар чуқур ўрганилди. Бу борада БМТ Тараққиёт дастурининг Европа ва Марказий Осиё минтақавий бюроси инсон ҳуқуқлари бўйича мутахассиси Миндия Вашакмадзе ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Хайрулло Ғаффоров сўзга чиқди.  

Муҳокамалар онлайн тарзда ҳам давом этди. Хусусан, Инсоннинг тоза, соғлом ва барқарор атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқи бўйича БМТ махсус маърузачи Астрид Пуэнтес Риано, БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси раиси Энн Mари Скелтон, БМТнинг Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар қўмитаси раиси Лаура-Мария Красҳунеан-Тату, Индонезия Республикаси Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирининг адлия, ҳуқуқ ва тартибга солиш масалалари бўйича катта маслаҳатчиси Mас Аҳмад Сантосанинг фикр-мулоҳазалари Форум иштирокчиларини бефарқ қолдирмади.

Сессия давомида ўзгараётган иқлим билан боғлиқ шароитда аҳоли заиф қатламларининг ҳуқуқларини таъминлаш бўйича аниқ стратегияларни тақдим этишда давлат органлари, халқаро ташкилотлар ва жамоат институтларининг ролига атрофлича эътибор қаратилди. Бу борадаги илғор халқаро тажриба ва энг мақбул миллий амалиётлар кўриб чиқилди.

Муҳокамаларда Қозон Федерал университети Инсон ҳуқуқлари, халқаро ҳуқуқ ва интеграция муаммолари илмий-таълим маркази директори, юридик фанлар доктори, профессор Рустем Давлетгилдиев, Озарбайжон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Инсон ҳуқуқлари бўлими бошлиғи Айсел Ягубова, БМТнинг Оролбўйи минтақаси бўйича Инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик траст фондининг Ўзбекистондаги Техник котибияти раҳбари Ўктам Абдураҳмонов иштирок этди.

Шунингдек, Россия Федерациясида хизмат кўрсатган ҳуқуқшунос, Россия Халқлар дўстлиги университети халқаро ҳуқуқ кафедраси мудири Аслан Абашидзе, ХМТнинг Жануби-Шарқий Европа, Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий бюроси Миграция, атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши бўйича мутахассиси Соумядеэп Банерджи, Мўғулистоннинг Денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар учун халқаро таҳлил маркази ижрочи директори Дулгуун Дамдин-Од, Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Россия Халқ хўжалиги ва давлат бошқаруви академиясининг Ҳуқуқ ва миллий хавфсизлик институти профессори Андрей Николаев ва доцент Кристина Кебурия, Европа Кенгаши Инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармасининг Стратегик ҳамкорликни ривожлантириш бўйича маслаҳатчиси Сергей Дикман онлайн-мунозараларда қатнашди.

Сўзга чиққанлар, жумладан, глобал иқлим ўзгариши шароитларида инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатлари оқибатида аҳолининг заиф қатламлари дуч келадиган яққол хатар ва муаммолар кўламини таҳлил этдилар. Бундай хатарларни бартараф этиш ва иложи борича камайтиришга қаратилган таъсирчан механизмларни ишлаб чиқишга алоҳида урғу берилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech