Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форуми доирасида ташкил этилган қизғин мунозараларга бой учта ялпи мажлис иқлим ўзгаришларининг инсон ҳуқуқларига таъсири билан боғлиқ масалаларни кенг кўламда ва ахборотлар таҳлили негизида атрофлича муҳокама қилиш имконини берди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов Форум ишига якун ясар экан, шу ҳақда сўз юритди.
Форумда асосий эътибор иқлим ўзгаришларининг инсон ҳуқуқларига кўрсатадиган салбий таъсирини юмшатишга оид аниқ тавсия ва ечимлар тайёрлашга қаратилди. Бу борадаги жонли мунозаралар Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва ўзгараётган иқлим шароитида ҳар бир инсоннинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун кўмаклашадиган самарадор стратегия ва ёндашувларни ишлаб чиқиш учун турли соҳа мутахассисларига қулай майдон бўлиб хизмат қилди.
Самарқанд форуми якунлари бўйича бир қатор муҳим натижалар қайд этилди. Хусусан, Форум иштирокчилари ўртасида алоқа тармоғини ўрнатиш ва узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш, инсон экологик ҳуқуқлари соҳасида доимий ахборот алмашиш ва ҳамкорлик қилиш учун платформа яратишга келишиб олинди.
Ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти учун иқлим ўзгаришининг инсон ҳуқуқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича аниқ тавсиялар ишлаб чиқилди ва қизғин муҳокама қилинди. Иқлим ўзгариши ва инсон ҳуқуқлари ўртасидаги муносабатлар тўғрисида жамоатчилик хабардорлигини ошириш мақсадида таълим ва ахборот соҳасидаги ишларни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Форум тавсияларини бажариш учун унинг иштирокчилари, шу жумладан, ҳукуматлар, ташкилотлар ва фуқаролик жамиятига олдида аниқ мажбуриятлар белгилаб берилди. Форумдан кейинги даврда иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларга самарали жавоб бериш учун тавсияларни амалда қўллашга қаратилган стратегия ва ҳаракат режалари тасдиқланди.
Иқлим ўзгаришига мослашиш стратегияси билан инсон ҳуқуқлари таъминлаш истиқболларига доир вазифаларни бирлаштириш бўйича инновацион ташаббуслар қўллаб-қувватланди.
Энг асосийси, халқаро анжуман доирасида турли мамлакатлар ва минтақалар ўртасида иқлим ўзгариши шароитида инсон ҳуқуқларини янада самарали ҳимоя қилиш борасида ўзаро тажриба ва билим алмашинувига кўмаклашилди.
Форумнинг якуний ҳужжати – «Иқлим ўзгаришлари шароитида инсон ҳуқуқларини глобал ҳимоя қилиш: барқарор келажак йўлидаги мажбуриятлар ва саъй-ҳаракатлар тўғрисидаги Самарқанд декларацияси» лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Анжуман иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессияси ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқларида мазкур Форумни ўтказиш ташаббусини илгари сурганлиги учун миннатдорчилик билдирдилар.
Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форуми тавсияларини БМТ Бош котибига ва бошқа халқаро ташкилотларга тақдим этишга келишиб олинди.
Форум якунида унинг иштирокчилари қадимий ва навқирон Самарқанд заминига эзгу ният билан ниҳоллар экдилар.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 14.06.2024
- Кўришлар: 1592
- Чоп этиш