Акмал Саидов: Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд анъаналари шаклланмоқда

Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форуми ўз иши давом эттирмоқда. «Экологик муаммолар: ўзгарувчан дунёда инсон ҳуқуқлари келажаги, барқарор ечимлар топиш» мавзусига бағишланган форумда нафақат миллий, балки кўплаб нуфузли халқаро ташкилотлар, хорижий давлатлардан вакиллар, оммавий ахборот воситлари ходимлари иштирок этмоқда.

Форум ишини бошқариб бораётган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов Президентимиз Шавкат Мирзиёевга Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форумига юксак эътибор кўрсатиб табрик йўллагани учун миннатдорчилик билдирди. Самарқанд форуми – Самарқанд руҳини ўзида мужассам этган нуфузли анжуман экани, бу ерда инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд анъаналари шаклланаётганини алоҳида эътироф этди.  

Форумда қайд этилишича, сайёрамиз миқёсида учта инқироз – иқлим ўзгариши, биохилма-хиллик йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланиши кучаймоқда. Бу хавф-хатарлар ҳатто дунё геосиёсий архитектурасига ҳам таъсир кўрсатаётир.

Барқарор ривожланиш йўлида энг асосий таҳдидга айланган иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари Орол фожиаси туфайли Марказий Осиёда жиддий сезилмоқда. Бу глобал фожиа оқибатларини бартараф этиш йўлида Ўзбекистон ўз имкониятлари даражасида ҳаракат қилаётган бўлишига қарамай, бу саъй-ҳаракатларни давом эттириш учун халқаро ҳамжамиятнинг қўллаб-қувватлаши жуда муҳим.  

Шу маънода, Ўзбекистон Президенти 2023 йил 20 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида сўзлаган нутқида БМТ Бош Ассамблеясининг «Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: умумий фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик» резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурди.  

Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясидаги ташаббуси билан 2021 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг «Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида»ги резолюцияси қабул қилинганини алоҳида қайд этиш лозим. Бош Ассамблея бундай мақомни биринчи бўлиб Оролбўйи минтақасига тақдим этди.

Натижада 2018-2022 йиллар давомида Орол денгизининг қуриган тубида 1,7 миллион гектар ўрмонзорлар яратилди. Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш, Оролбўйида биохилма-хилликни сақлаш учун 3,5 миллион гектардан ортиқ майдонда табиат парклари, қўриқхоналар ва давлат ҳимоя ҳудудлари барпо этилди. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти аҳолисини марказлашган тарзда ичимлик суви билан таъминлаш ҳолати анча яхшиланди.

Форумда сўзга чиққан Адлия вазирининг ўринбосари Музраф Икромов глобал муаммога айланиб бораётган автомобиллар ҳаракатланиши ва тирбандликларнинг авж олиб бораётгани ҳам ҳавонинг ифлосланиши сабабларини келтириб чиқараётганини таъкидлади. Автотранспорт воситалари атмосфера ҳавосини азот оксиди билан 45,7 фоиз, углеводородлар билан 42 фоиз зарарлантиради.  

Ер юзида бир йилда ҳавога чиқариб ташланадиган 100 миллион тоннага яқин ис газининг 75,5 миллион тоннаси ёки 78 фоизи автотранспорт воситаларига тўғри келади. Шу боис, бу глобал хавфлар жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг барқарор келажагини белгилаб олиш, фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш – Янги Ўзбекистоннинг устувор стратегик вазифаларидан биридир.

Форум ўз ишини давом эттирмоқда.  

 

Норгул Абдураимова,

Алишер Исроилов (суратлар),

ЎзА мухбирлари

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech