Зўравонликка учраган аёллар ва уларнинг фарзандларига ижтимоий хизмат кўрсатиш регламенти тасдиқланди

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 25 июндаги 354-сон қарори билан “Тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандларига ижтимоий хизмат кўрсатишнинг маъмурий регламенти” тасдиқланди.

Регламентга кўра, хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандларига ижтимоий хизматлар “Инсон” марказлари, Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика марказининг ҳудудий марказлари томонидан кўрсатилади.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахслар, бошқа жисмоний ҳамда юридик шахслар томонидан тазйиқ ва зўравонлик ҳолати тўғрисида қуйидаги шаклларда:

  •  “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ёки ижтимоий ходимга;
  •  ички ишлар органлари навбатчилик қисмининг “102” телефон рақамларига ёки бевосита профилактика инспекторларига;
  •  “112” ягона диспетчерлик хизмати ҳамда 1146 қисқа рақамли “ишонч телефони”га мурожаат қилинади.

Мурожаат бўйича 24 соат ичида қуйидагилар амалга оширилади:

  • хотин-қизлар фаоли ва маҳалладаги профилактика инспектори томонидан тазйиқ ва зўравонликни содир этган шахс билан суҳбат ўтказилади;
  • ижтимоий ходим хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандларининг ҳолатини дастлабки тарзда баҳолаш чораларини кўради;
  • профилактика инспектори хотин-қизларга ҳимоя ордери расмийлаштиради ҳамда заруратга кўра бирламчи кўмак хоналарига жойлаштириш учун тегишли далолатномани расмийлаштиришга доир чораларни кўради;
  • ижтимоий ходим ва профилактика инспектори томонидан хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари уларнинг розилиги асосида бирламчи кўмак хонасига жойлаштирилади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech