Бугунги глобаллашув жараёнида халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш, конструктив ташқи сиёсатни олиб боришда парламент дипломатиясининг ўзига хос ўрни мавжуд. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг олиб бораётган изчил ва оқилона ислоҳотлари, прагматик ва чуқур ўйланган ташқи сиёсати мамлакатимиз парламентининг ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқмоқда.
2024 йил 1 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидовнинг Саудия Арабистони Шўро Кенгаши “Саудия-Ўзбекистон” парламентлараро дўстлик қўмитаси раиси Муҳаммад бин Абдулазиз ал-Жарба бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Мулоқот аввалида таъкидланганидек, тарихий ришталар, муштарак қадриятлар мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона алоқаларга мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Ўзаро алоқалар сўнгги йилларда давлат раҳбарларининг юксак сиёсий иродаси билан сифат жиҳатидан янги босқичгаткўтарилди.
Хусусан, икки давлат ўртасида савдо ҳажми, қўшма корхоналар ва авиақатновлар сони ошмоқда, “Яшил” энергетика, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, IT ва бошқа устувор соҳаларда кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Учрашувда ривожланиш ва модернизацияга қаратилган “Ўзбекистон – 2030” ва “Vision-2030” стратегик дастурларининг мақсад ва вазифалари ўхшаш экани таъкидланди. Делегация аъзоларига Стратегия доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, Қонунчилик палатаси фаолияти, қонун ижодкорлиги, сиёсий партиялар фракциялари ва қўмита иш услублари ҳамда парламентаризм соҳасидаги янгиликлар ҳақида сўзлаб берилди.
Самимий руҳида кечган учрашувда кейинги йилларда икки томонлама муносабатларнинг босқичма-босқич ривожланаётгани, мамлакатларимиз ўртасида кўп қиррали ҳамкорлик ва кенг кўламли шериклик янада кенгайиб бораётгани, сиёсий ва иқтисодий соҳадаги мулоқотларнинг фаоллашгани ижобий баҳоланди.
Мулоқотда парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, хусусан, дўстлик гуруҳлaри фaoлиятини янада жонлантириш, ўзаро ташрифлар алмашинувини давом эттириш,
Ар-Риёд ва Жидда шаҳарларида “Ўзбекистон маданияти кунлари”ни ўтказиш, туризм, ахборот-коммуникация технологиялар соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Ўз навбатида, “Саудия-Ўзбекистон” парламентлараро дўстлик қўмитаси раиси самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган мувозанатли, очиқ ва конструктив ташқи сиёсат, кенг кўламли ислоҳотлар ва уларнинг натижаларини алоҳида эътироф этди. Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида кенг қамровли алоқалар ривожланиб бораётганини таъкидлади. Хусусан, икки давлат раҳбарлари томонидан ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратаётган эътибори амалий саъй-ҳаракатларда яққол намоён бўлаётгани айтилди.
Делегация раҳбари, шунингдек, Ўзбекистоннинг барча жабҳада жумладан, туризм соҳасида кенг ва катта имкониятларга эгалигини мамнуният билан қайд этиб, икки мамлакат ўртасида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, ўзаро ҳамкорлик алоқарини янада ривожлантиришга ишонч билдирди.
Учрашув дўстона ва конструктив руҳда ўтди.
Делегация аъзоларининг мамлакатимизга ташрифи давом этмоқда.
- Қўшилди: 01.07.2024
- Кўришлар: 1443
- Чоп этиш