"The European Geopolitical Forum": Ўзбекистон тараққиётидаги навбатдаги босқич янгиланган Конституция асосида катта ваколатларга эга парламентга сайловлардир

БРЮССЕЛЬ, 11 октябрь. /"Дунё" АА/. Бельгиядаги Европа геосиёсий форуми ("The European Geopolitical Forum") порталида "Янги Ўзбекистон: демократик ислоҳотлар ва парламент сайлови" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар беряпти "Дунё" АА мухбири.

 

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази директори Акмал Саидов қаламига мансуб мазкур мақолада ёзилишича, сайловлар демократия йўлидаги энг муҳим мезонлардан биридир. Муаллиф, шунингдек, 2023 йилда бўлиб ўтган муддатидан илгари Ўзбекистон Президент сайлови жамиятнинг сиёсий етуклигини, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаганини яна бир бор намоён этди.

 

Мақолада қайд этилганидек, навбатдаги босқич янгиланган Конституция асосида катта ваколатларга эга бўлган парламентга сайловлардир. Конституцияга мувофиқ, Марказий сайлов комиссияси парламент сайловини 27 октябрда ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди.

 

Муаллиф таъкидига кўра, бўлажак сайловлар Ўзбекистон Конституциясида белгиланган мутлақо янги ижтимоий-сиёсий шароитда ўтаётгани алоҳида аҳамиятга эга.

 

"Сўнгги йилларда Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва модернизация қилиш мақсадида парламент ва сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш, сайлов ва референдумларни ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди",– дейилган нашрда.

 

"Бўлажак сайловлар Ўзбекистонда демократик давлатчилик намунасидир, улар фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш бўйича конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишда, давлат органларини миллий қонунчиликка ва халқаро сайлов стандартларига тўла риоя қилган ҳолда шакллантиришда иштирок этишда муҳим аҳамиятга эга", – деб ёзилган.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech