Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури амалда

23 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси мажлисида Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказнинг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан олиб борилган ишлар тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов ва Қўмита аъзолари бугунги кунда мамлакатимизда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурида белгиланган вазифалар ижроси бўйича амалга оширилаётган муҳим ислоҳотлар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Йиғилишда таъкидланганидек, 2020–2024 йилларда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичи амалга оширилди. Ушбу босқич ёшларни тенглик, инсон ҳуқуқларига амал қилиш ва камситмаслик руҳида тарбиялаш ҳамда инклюзив, тинч ва осойишта жамиятни яратишга имкон берувчи таълим беришга қаратилган.

Бу борада 2023 йил 7 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори имзоланди. Бундан мақсад дунё тажрибасидан андоза олган ҳолда, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим тизимида амалга оширилаётган ишларни янада жадаллаштиришдир.

Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурида ахборот бериш, маърифат ва ўқитиш тизимини босқичма-босқич кенгайтириш ҳамда такомиллаштириш, кадрлар тайёрлаш тизимини миллий қонунчилик ва халқаро стандартлар талаблари асосида янги босқичга олиб чиқиш бўйича изчил олиб борилаётган давлат сиёсатини амалга оширишнинг асосий вазифалари ва 7 та устувор йўналиши белгилаб берилган.

Бугунги кунга қадар Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг 30 бандидан 17 таси бўйича ишлар тўлиқ бажарилган. Қолган 1 та банд тўлиқ бажарилмаган, 12 та бандни  амалга ошириш бўйича доимий  ишлар давом этмоқда.

Миллий таълим дастури ижроси юзасидан 6 та олий таълим муассасасида “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари” ўқув курслари, юртимизнинг 14 та ҳудудида жойлашган 114 та олий таълим ва 330 та профессионал таълим ташкилотида ушбу йўналишда махсус курслар жорий этилди. Яна 11 та тиббиёт олий таълим муассасасининг ўқув дастурларига “Инсон ҳуқуқлари” бўйича махсус модул киритилди.

Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, аёллар ҳуқуқлари, бола ҳуқуқлари кафолатлари, мигрантлар ҳуқуқлари бўйича ўқув курслари ташкил этилмоқда. Бу миашғулотлар давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг инсон ҳуқуқлари бўйича билимларини оширишга қаратилган.

Мамлакатимизда ёшларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари бўйича хабардорлигини ошириш мақсадида “Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги”, “Инсон ҳуқуқлари ойлиги” мунтазам равишда ўтказилмоқда. Юртимизнинг туман, шаҳар ва маҳаллаларида “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” мавзусида ёшлар билан учрашув ва давра суҳбатлари, викторина ва танловлар ташкил этилди.

Ижтимоий тармоқларда “#Инсон_ҳуқуқлари_олий_қадрият#” хештеги оммалаштирилди.Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ташаббуси билан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда 2023-2024 йиллар мобайнида 2 маротаба “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида таълим ва инновациялар” миллий танлови, “Тонг юлдузи” ва “Класс” газеталари таҳририятлари билан биргаликда “Инсон ҳуқуқлари болалар нигоҳида” республика танлови ўтказилди.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва ҳудудлардаги 14 та ахборот-кутубхона марказида “Конституция ва инсон ҳуқуқлари” бурчаги ташкил этилиб, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ томонидан 1 минг 600 нусха адабиёт тақдим этилди. Ўтган йилда Ўзбекистон Республикаси қўшилган 45 та асосий халқаро ҳужжат давлат тилига таржима қилиниб,  4 та халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами нашр этилди.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, 2023-2024 йилларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида ўқув курси ташкил этилиб, унда 1 минг 285 нафар тингловчи иштирок этди. Давлат ва ҳуқуқ институти, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Ички ишлар вазирлиги Академияси билан ҳамкорликда прокуратура органлари, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимларини ўқитиш учун айни машғулотларга миллий ва халқаро экспертлар жалб этилди.

Ўз навбатида, “Бизнес ва инсон ҳуқуқлари” мавзусидаги ўқув курсида 12 минг 695 нафар тадбиркорл ва фермер иштирок этди. Ушбу машғулотлар Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” бандларининг сифатли ҳамда самарали бажарилишини мониторинг қилиш мақсадида мунтазам равишда эшитувлар ҳамда 5 та ҳудудда мониторинг ўтказилди. Жумладан, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий комиссиянинг 4 та ҳамда Олий Мажлис палаталари тузилмаларининг 7 та мажлисида Миллий таълим дастури атрофлича муҳокама қилинди.

Мониторинг натижаларига кўра “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари” ва “Бола ҳуқуқлари” курслари бўйича таълимни ташкил этиш учун дарсликлар, мультимедиа ресурслари, ўқув қўлланмалари етарли эмаслиги, айрим ўқув дастурларини такомиллаштириш зарурлиги аниқланди.

Мажлис иштирокчилари Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини амалга ошириш орқали инсон ҳуқуқлари бўйича таълим йўналишида муҳим ютуқларга эришилганини таъкидладилар. Келгусидаги вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.

Хусусан, БМТ томонидан эълон қилинган Инсон ҳуқуқлари бўйича Жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичини (2025–2029) амалга ошириш мақсадида янги ташаббус ва таклифларни ишлаб чиқиш лозимлигига эътибор қаратилди. Айниқса, “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари” ва “Бола ҳуқуқлари” курслари бўйича замонавий дарслик, қўлланма ва мультимедиа ресурсларини тайёрлаш, “Ҳуқуқшунос-педагог” йўналишини ташкил этиш, инсон ҳуқуқлари таълими жараёнига фуқаролик жамияти институтларини кенгроқ жалб этиш зарурлиги таъкидланди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутатлари, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ вакиллари ва илмий тадқиқотчилар, экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech