Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги “Мамлакат тараққиётининг 2030 йилгача мўлжалланган устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида 2026 йил давомида ишлаб чиқиладиган стратегик режалаштириш ҳужжатлари лойиҳалари рўйхатида “Инсон ҳуқуқлари – 2030” стратегиясини тасдиқлашга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилган. Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Инсон ҳуқуқлари – 2030” стратегиясини тасдиқлаш тўғрисидаги” фармони лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Фармон лойиҳаси шахс қадр-қиммати, турмуш даражаси ва фаровонлигини оширишнинг энг муҳим ва зарурий шарти сифатида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича изчил олиб борилаётган давлат сиёсатини амалга оширишнинг асосий вазифалари ва йўналишларини белгилаб беради.
Фармон лойиҳаси инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича давлат сиёсатини амалга оширишнинг устувор мақсадларини белгилаш ва самарали амалга ошириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурматни шакллантириш, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўсини янада ошириш мақсадига қаратилган чора-тадбирлардан иборат.
Шунингдек, Фармон лойиҳаси билан қуйидагиларни тасдиқлаш назарда тутилган:
“Инсон ҳуқуқлари – 2030” стратегияси;
“Инсон ҳуқуқлари – 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури;
Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумини ўтказиш регламенти;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган айрим ҳужжатлари рўйхати.
“Инсон ҳуқуқлари – 2030” стратегияси 12 та бобдан иборат бўлиб, унда Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг жорий ҳолат тавсифи, Стратегиянинг мақсад ва вазифалари, Инсон ҳуқуқлари стратегиясини амалга оширишнинг асосий принциплари, Инсон ҳуқуқлари стратегиясини амалга ошириш механизмлари бўйича чора-тадбирлар дастури, Стратегияни амалга оширишдан кутилаётган натижалар, Стратегияни амалга оширишни мониторинг қилиш ва ҳисобот бериш тартиби, Стратегияни амалга оширишнинг молиявий ва ресурс таъминоти, Стратегияни амалга ошириш самарадорлигини баҳолаш механизми каби масалалар ўз ифодасини топган топган.
“Инсон ҳуқуқлари – 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури 4 та устувор йўналишдан иборат “натижа” кўрсаткичлари ва “бевосита фаолият натижаси” кўрсаткичларини ўз ичига олган. Бу ўринда:
биринчидан, инсон ҳуқуқлари соҳасида миллий қонунчиликни такомиллаштириш;
иккинчидан, аҳолининг эҳтиёжманд тоифалари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда инклюзив ва ижтимоий адолатли жамиятни шакллантириш;
учинчидан, инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтириш ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим тизимини ривожлантириш;
тўртинчидан, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва халқаро мажбуриятлар ижросини таъминлашдан иборат устувор йўналишлар ҳақида сўз бормоқда.
Шундай қилиб, Фармон «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида белгиланган устувор йўналишлар ижросини таъминлаш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмларини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
Фармон лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига (regulation.adliya.uz) жойлаштирилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
