Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Самарқанд форуми: Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг 30 йиллиги

28 сентябрь куни пойтахтимизда иш бошлаган Инсон ҳуқуқлари бўйича бешинчи Самарқанд форумининг Юқори даражадаги мажлиси “Халқаро мажбуриятлардан – самарали амалга оширишга: инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий имплементация механизмларининг роли” мавзусидаги юбилей мажлисига уланиб кетди. Ушбу тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташкил этилганининг 30 йиллигига бағишланди.

Самарқанд форумининг юбилей мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Робахон Маҳмудова, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси Гулруҳ Ағзамова, Туркия Инсон ҳуқуқлари ва тенглик институти президенти Васип Шаҳин, Таиланд Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий комиссари Сучарт Сеттҳамалине,  Туркия Республикаси Омбудсмани Эртунч Эркан Балта, Қатар Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий комиссияси раисининг ўринбосари, Осиё-Тинч океани форуми бошқарув қўмитаси аъзоси Муҳаммад бин Сайф ал-Кувайрий, Халқаро Қизил Хоч Қўмитасининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий ҳуқуқий координатори Зҳала Азизова, Халқаро юристлар комиссиясининг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Темур Шакиров, Халқаро тараққиёт ва адолат маркази президенти Азамат Шамбиловнинг маърузалари тингланди.

Муҳокамаларда, шунингдек, Миллий инсон ҳуқуқлари институтлари глобал альянси раиси, Марокаш Инсон ҳуқуқлари миллий кенгаши президенти Амина Буаяч,  Хитой инсон ҳуқуқларини ўрганиш жамияти ижрочи вице-президенти Цзян Цзяньго, Россия Федерацияси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Яна Лантратова, Қозоғистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари миллий маркази раҳбари Анвар Сабиров, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш ва шартнома механизмлари бўлими шартнома органлари салоҳиятини ошириш дастурининг инсон ҳуқуқлари бўйича ходими Мари-Эв Буайе-Фридрих, «УПР Info» халқаро ноҳукумат ташкилоти Ижроия кенгаши раиси Жанни Магаззени онлайн иштирок этди ва сўзга чиқди.

Иштирокчилар қайд этганларидек, 2026 йил – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташкил этилганининг 30 йиллиги ҳамдир. Ўтган ўттиз йил мобайнида Миллий марказ инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни илгари суриш, Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича тизимлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим, тадқиқот ва институционал ривожланиш масалаларида етакчи ўрин тутиб келмоқда.

Ушбу юбилей санаси миллий институтлар ҳамда Ижро этиш, ҳисобот бериш ва мониторинг бўйича миллий механизмларнинг халқаро мажбуриятларни амалиётга самарали татбиқ этишдаги ўрни ва ролини баҳолаш учун кенг имконият беради. Шу нуқтаи назардан, айни мажлис Миллий марказнинг 30 йиллигини нишонлаш билан бирга, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларни амалга оширишда Ижро этиш, ҳисобот бериш ва мониторинг бўйича миллий механизмларнинг ортиб бораётган ролини муҳокама қилиш учун муҳим мулоқот майдонига айлангани бежиз эмас.

Муҳокамаларда асосий эътибор идоралараро мувофиқлаштириш, миллий механизмлар ва илғор халқаро тажрибага қаратилди. Иштирокчиларнинг эътирофича, Форум доирасидаги қизғин мулоқотлар инсон ҳуқуқлари стандартларини миллий даражада жорий этишни кучайтириш, ривожланиш ҳуқуқини илгари суриш ва замонавий муаммоларга қарши курашда глобал ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш бўйича амалий ечимларни ишлаб чиқишга муносиб ҳисса қўшади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича бешинчи Самарқанд форуми доирасида «Cапстоне Project Uzbekistan» инсон ҳуқуқлари бўйича таълим дастури ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам ўтказилди. Ғолибларга мукофотларни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Нидерландия Қироллигининг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси раҳбари ўринбосари Мартин Ван Буюрен ҳамда Халқаро тараққиёт ва адолат маркази президенти Азамат Шамбилов топширди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 28.09.2026 Ko'rishlar 55
Ulashish