Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Ислом цивилизацияси: Мовароуннаҳрнинг буюк маънавий ва илмий мероси ҳамда маърифат уфқлари

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Женевадаги қароргоҳида 2026 йил 22 октябрда худди шу мавзуда халқаро илмий конференция бўлди. Мовароуннаҳрнинг буюк маънавий ва илмий мероси ҳамда унинг замонавий дунё учун боқий аҳамиятига бағишланган ушбу нуфузли халқаро анжуманда иштирок этиш ҳамда сўзга чиқиш шарафи каминага насиб этди.

Фурсатдан фойдаланиб, авваламбор, ислом цивилизациясининг жаҳон илм-фани, таълими, маданияти ва ахлоқий тафаккури ривожига қўшган ҳиссаси борасидаги халқаро мулоқотни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим ташаббус учун конференция ташкилотчиларига самимий миннатдорлик билдираман. Бинобарин, шу аснода биз Женевада — халқаро ҳамкорлик ва кўп томонлама дипломатиянинг энг муҳим марказларидан бирида тўпланиш ҳамда ўзаро қизғин фикрлашиш имконига эга бўлдик.

Айнан шу ерда халқларнинг маънавий ва интеллектуал мероси инсониятни бир-биридан ажратмаслиги лозимлигини таъкидлаш айниқса ўринлидир. Аксинча, бу оламшумул мерос маданиятлар, цивилизациялар ва авлодлар ўртасида мустаҳкам кўприк бўла олади.

Мовароуннаҳр шунчаки тарихий-географик макон эмас. У инсониятнинг илмий изланиш, дунёни фалсафий англаш ва маънавий-маърифий юксалиш анъаналари шаклланган буюк тафаккур бешикларидан биридир.

Асрлар давомида минтақамиз мутафаккирлари жаҳон илм-фанини бойитиб, фалсафа, математика, тиббиёт, астрономия, илоҳиёт ва ахлоқий тафаккурни ривожлантириб келдилар. Уларнинг мероси цивилизациянинг чинакам улуғворлиги фақат моддий ютуқлар билан эмас, балки, энг аввало, инсоннинг ҳақиқатни англаш, ақлни чархлаш ва жамият манфаати йўлида хизмат қилиш қобилияти билан белгиланишидан далолат беради.

Ушбу меросда асарлари инсоният маънавий ва интеллектуал тарихининг ажралмас қисмига айланган буюк алломалар — Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий алоҳида ўрин тутади.

Имом Бухорий илмни етказишда ишончлилик, илмий холислик ва масъулиятнинг юксак мезонларини ўзида мужассам этган. У зотнинг мероси бизга манбаларни текшириш, илмий ҳалоллик ва ҳақиқатга эҳтиром кўрсатиш нақадар муҳимлигини эслатиб туради.

Имом Мотуридий эса иқтидор ва эътиқод уйғунлигини, мўътадиллик тамойилларини ҳамда рационал тафаккур ўрнини англашда алоҳида аҳамиятга эга бўлган теран интеллектуал мерос қолдирган. Алломанинг ғоялари вазмин ёндашув, ўзаро ҳурмат ва мулоқотнинг аҳамиятини янгича баҳолаш имконини беради.

Имом Термизий ҳадисшунослик ривожи ва ислом олами маънавий анъаналарининг шаклланишига улкан ҳисса қўшган. Унинг илмий фаолияти билимларни тизимлаштириш, тадқиқот маданияти ва интеллектуал анъаналар ворисийлиги нечоғлик муҳим эканини кўрсатиб беради.

Ушбу улуғ алломаларнинг меросига мурожаат қилар эканмиз, биз нафақат тарихга юзланамиз, балки бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган мана бу саволларга жавоб топамиз: билимнинг ишончлилигини қандай сақлаб қолиш, жамиятнинг ахлоқий асосларини қандай мустаҳкамлаш, инсонларни бир-бирига яқинлаштириш йўлида илм-фан ва маданият ютуқларидан қандай фойдаланиш мумкин?

Шу нуқтаи назардан, Мовароуннаҳр ва Марказий Осиёнинг бошқа буюк мутафаккирлари илгари сурган ғоялар алоҳида эътиборга моликдир. Жумладан,  Абу Наср Форобий фозил жамият ҳақидаги таълимотида ўзаро ёрдам ва умумий фаровонликка интилишни жамият камолотининг энг муҳим шартлари сифатида кўрган.

Форобийнинг бу борадаги фикрига кўра, “Агар халқлар саодатга эришиш йўлида бир-бирига кўмаклашса, бутун дунё фозил бўлажак”.

Кўп асрлар муқаддам илгари сурилган ушбу ғоя замонавий халқаро ҳамкорлик тамойилларига ҳайратланарли даражада ҳамоҳангдир. У бизга барқарор тинчлик ва инсоният фаровонлигига фақат ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик ва умумий масъулият асосидагина эришиш мумкинлигини эслатади.

Илмий қизиқишларининг кенглиги ҳамда бошқа халқлар ва маданиятларни холисона ўрганишга интилиши билан шуҳрат қозонган буюк қомусий олим, тарихчи ва тадқиқотчи Абу Райҳон Беруний мероси ҳам бундан кам аҳамиятга эга эмас. Беруний ўзининг “Ҳиндистон” асарида шундай ёзган: «Ёлғондан сақланиб, доимо ҳақиқатни маҳкам тутган инсонгина мақтовга сазовордир».

Ушбу сўзлар илмий фаолиятнинг туб тамойилларини — далилларга ҳурмат, холислик ва интеллектуал ҳалолликни ўзида акс эттиради. Инсоният ёлғон маълумотлар тарқалиши ҳамда жамоатчилик фикридаги зиддиятларнинг кучайиши билан юзма-юз келаётган бугунги даврда мазкур тамойил алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Европа анъанасида Авиценна номи билан танилган буюк мутафаккир ва табиб Ибн Сино ҳам инсон камолотини ҳақиқатни англаш ва эзгуликка интилиш билан боғлаган. Илмий таржимада унинг бу фалсафий фикри қуйидагича ифодаланган:

«Оқил мавжудот сифатида инсоннинг камолоти ҳақиқатни ҳақиқатнинг ўзи учун, эзгуликни эса уни рўёбга чиқариш ва унга эришиш учун англашдан иборатдир».

Ушбу фикрда теран инсонпарварлик маъноси мужассам. Яъни, билим нафақат ўз-ўзидан, балки инсоннинг камол топишига, масъулиятли қарорлар қабул қилишига ва жамиятга наф келтиришига кўмаклашиши туфайли ҳам боқий қимматга эга.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, зиддиятлар, ишончсизлик, тоқатсизлик ҳамда маданиятлар ва динларни бир-бирига қарама-қарши қўйишга уринишлар билан тўқнаш келаётган замонавий дунёда маърифат, мўътадиллик ва ўзаро ҳурмат ғоялари алоҳида долзарблик касб этмоқда.  Зеро, билим инсонларни бирлаштириши, таълим ўзаро ҳамжиҳатлик уфқларини кенгайтириши, маданий мерос эса цивилизациялар ўртасида кўприк вазифасини ўташи лозим.

Шунинг учун ҳам Мовароуннаҳр меросини ўрганиш битта минтақа ёки алоҳида бир илмий анъана доираси билан чекланиб қолмайди. Бу жараён инсониятнинг муштарак интеллектуал илдизларини янада чуқур англаш ҳамда турли маданиятлар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш учун кенг имкониятлар яратади.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясидаги нутқида илгари сурилган Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизийнинг бой илмий-маънавий меросини халқаро майдонларда кенг намойиш этиш ташаббуси алоҳида аҳамият касб этади.

Мазкур ташаббус Ўзбекистоннинг халқаро илмий ва маданий ҳамкорликни кенгайтириш, ўз тарихий меросини янада кенг ўрганишни таъминлаш ҳамда унинг бутун инсоният учун боқий аҳамиятини очиб беришга бўлган интилишини акс эттиради.

Ушбу улуғвор вазифани амалга оширишда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази тобора муҳим ўрин тутмоқда. Бинобарин, унинг вазифаси фақат тарихий ёдгорликлар ва қўлёзмаларни сақлаш билангина чекланиб қолмайди. Марказ илмий тадқиқотлар, таълим, маданий алмашинув ва халқаро ҳамкорликнинг замонавий масканига айланиши кўзда тутилган.

Табиийки, бу муҳим жараёнда меросни асраб-авайлаш фақат моддий ёдгорликларни муҳофаза қилиш билан чекланмаслиги керак. Қўлёзмаларни илмий тадқиқ этиш, академик алмашинувларни ривожлантириш, тарихий манбалардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда ёш тадқиқотчиларни ўтмишнинг интеллектуал анъаналарини ўрганишга жалб этишни ҳам изчил таъминлаш зарур.

Ишончимиз комилки, бу соҳадаги халқаро ҳамкорлик илм-фан ва таълимни ривожлантириш, маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда умуминсоний қадриятларни илгари суришга салмоқли ҳисса қўшишга қодир. Биз эса шу ўринда 3 та устувор йўналишга алоҳида эътибор қаратишни лозим топдик.

Биринчидан, академик холислик, фанлараро ёндашув ва ўзаро очиқ билим алмашиш асосида Мовароуннаҳр меросига оид халқаро илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтириш тақозо этилади.

Иккинчидан, тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш, ўрганиш ва оммалаштириш мақсадида университетлар, илмий марказлар, музейлар, кутубхоналар ҳамда халқаро ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш айни муддаодир.

Учинчидан, ёшларни танқидий фикрлаш, бағрикенглик ва масъулият ҳиссини ривожлантиришга хизмат қиладиган илм-фан тарихи, фалсафа, маънавий маданият ҳамда интеллектуал анъаналарни ўрганишга фаол жалб этиш лозим бўлади.

Аминмизки, айнан таълим, илмий мулоқот ва маданий хилма-хилликка бўлган ҳурмат орқали биз жамиятлар ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлашимиз ҳамда тинчлик ва барқарор тараққиёт учун янада мустаҳкам пойдевор яратишимиз мумкин.

Мухтасар айтганда, Мовароуннаҳрнинг буюк мероси Ўзбекистон тарихига мансуб бўлиши билан бирга, умумбашарий бойликнинг ажралмас қисми ҳамдир. Уни ўрганиш ва асраб-авайлаш — умумий масъулиятимиз, унинг инсонпарварлик салоҳиятини тўлақонли намоён этиш эса ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги энг муҳим вазифадир.

Шу жиҳатдан Женевада ўтказилган маърифий анжуман халқаро илмий ҳамкорликни кенгайтириш, маданиятлар ўртасидаги ўзаро англашувни мустаҳкамлаш ҳамда фан, таълим ва маданий меросни асраб-авайлаш соҳасида янги қўшма лойиҳаларни ривожлантириш йўлида яна бир муҳим қадам бўлгани таҳсинга лойиқ. Тилагимиз шуки, ўтмишнинг буюк мутафаккирлари донишмандлиги бундан буён ҳам бизни бунёдкорликка, ҳамкорликка ва умумий эзгулик йўлида хизмат қилишга ҳамиша илҳомлантириб турсин.

 

Акмал Саидов,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори,

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси аъзоси, академик

«Hurriyat» газетасининг 2026 йил 4 ноябрь кунги 44 (1522)-сони

Nashr sanasi 04.11.2026 Ko'rishlar 218
Ulashish