2022 йил 10 январь куни Тошкент шаҳрида Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси лойиҳасини муҳокама қилиш, бунда хориждаги ватандошлар, жумладан, ёшлар, экспертлар, академик доира вакиллари, тадбиркорлар, меҳнат мигрантларини Ўзбекистонни ривожлантиришга жалб этиш ва уларни рағбатлантириш чораларини кўриш мақсадида онлайн мулоқот ўтказилди.
Мазкур мулоқот Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва “Ватандошлар” жамоат фонди билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов тадбирни очар экан, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг муҳим жиҳатларига тўхталди.
Мамлакатимизда “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойили асосида аҳоли фаровонлигини янада юксалтириш, иқтисод тармоқларини трансформация қилиш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш, фаол фуқаролик жамиятини шакллантириш борасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишларини белгилаб олиш мақсадида Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Лойиҳа айни кунларда regulation.gov.uz, jamoatchilik.uz ва 2022-2026.strategy.uz электрон платформалари орқали жамоатчилик ўртасида кенг муҳокама қилинмоқда. Фуқароларга ўз таклифларини билдириш имкониятлари ҳам яратилди.
Тараққиёт стратегияси лойиҳасида “инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” умумий тамойилини бирлаштирувчи 7 та устувор йўналиш белгиланган. Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, миллий иқтисодиётни ривожлантириш, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида таъминлаш, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш устувор йўналишлари шулар сирасига киради.
Умумбашарий муаммоларга миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда ечим топиш мақсадида хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан доимий ва самарали алоқалар ўрнатиш кўзда тутилган. Мулоқотда хориждаги ватандошларни Ўзбекистон ҳудудида тадбиркорлик, инвестициявий, илмий, маърифий ва маданий фаолият билан шуғулланишга фаол жалб қилиш, ватандошлар ва улар томонидан тузилган жамоат бирлашмаларини қўллаб-қувватлаш истиқболлари муҳокама қилинди.
Хорижда яшовчи ватандошларнинг муаммоларини ўрганиш, тизимли асосда таҳлил қилиб бориш ва уларнинг ечими юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқиш муҳимлиги қайд этилди. Жумладан:
- консуллик хизматларини кўрсатиш жараёнларини соддалаштириш;
- чет элларда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган фуқароларга ёрдам бериш;
- хорижда ўзбек тилини, маданияти ва анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантиришга қаратилган фаолиятни қўллаб-қувватлаш;
- Ўзбекистоннинг бой илмий, маданий ва маънавий меросини кенг тарғиб қилиш ва оммалаштириш борасида фикр алмашинди.
Тадбирда иштирокчилар давлат ва жамият қурилишини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиёт, суд-ҳуқуқ тизимини, ижтимоий соҳани либераллаштириш, прагматик ташқи сиёсат юритиш бўйича ҳам ўз фикр ва таклифларини билдирди.
Бундан ташқари, хориж инвесторлари экологик ва ижтимоий масалаларга эътиборли эканини инобатга олиб, хайрия фаолияти учун солиқ имтиёзлари, бизнесда корпоратив ижтимоий масъулият тамойилларини жорий этиш Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўси ва имижини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 10.01.2022
- Кўришлар: 4656
- Чоп этиш